14 February 2016
18:29 - Юсуф Жума: Кураш майдонида, курашдан қидир!
Ҳақиқат керакми, истайсанми эрк,
Париж, Вашингтондан қидирма асло.
Замин - улкан олов, чексиз тутун - кўк,
Ер билан осмондан қидирма асло.

Эрку ҳақиқатнинг манзилидир бир -
Кураш майдонида, курашдан қидир!

Ҳақни истайсанми, бўлгин мардона,
Тангри уйи эмас ибодатхона.
Қандайдир олис бир кўшкда ҳам эмас,
Ягона манзилда мудом ягона.

Сотқинларни қиргин, ёғийларни қир,
Кураш майдонида, курашдан қидир!

Йўқолиб қолдими кўҳна Ватанинг.
Топталиб йитдими номусинг - шаънинг,
Топгин жирканмасин ўлган чоғингда
Қоп- қора бетингдан оппоқ кафанинг.

Юзингни оқ этгин агар бўлсанг эр,
Кураш майдонида, курашдан қидир!

12 феврал, 2016 йил