13 February 2016
10:26 - Рим-Католик ва Рус Православ черковлари раҳбарларининг Кубадаги учрашуви насронийларнинг қайтадан бирлашишими?

Кеча ҳақиқатда тарихий воқеа бўлди. Кубада Рим-Католик черковининг раҳбари Рим папаси Франциск ва Рус Православ черковининг патриархи Кирилл биринчи марта учрашдилар. Гап бу икки кишининг эмас, икки черков раҳбарларининг тарихда биринчи марта учрашгани ҳақида кетмоқда.

Эслатиш керакки, насронийлар 1051 йилда иккига – католликларга ва православларга бўлиндилар. Кейинчалик католиклардан протестантлар ажралиб чиққан. Шундай қилиб, ҳозир насронийларнинг черкови учга бўлинган – католиклар, православлар ва протестантлар.

Reuters агентлиги Франциск ва Кириллнинг учрашуви ҳақидаги хабарига “Насронийлар Кубада қайтадан бирлашдилар” деб сарлавҳа қўйибди. Табиий, бундай эмас. Биринчидан, Кубада насронийликдаги учта оқимдан иккитасининг раҳбарлари учрашдилар. Учрашув ҳақида ҳеч қандай тафсилотлар маълум эмас. Яқин орада ва балки ҳеч қачон бу учрашувнинг тафсилотлари маълум бўлмай қолиши ҳақида ҳам гаплар айтилмоқда.

Иккинчидан, католиклар ва православлар қанчалик яқинлашишлари ҳали маълум эмас. Муаммолар шунчалик кўпки, уларни дарҳол ечиб ҳам бўлмайди. Мисол учун мусулмонлар ичидаги икки оқим – суннийлар ва шиаларнинг аҳволига қараш кифоя.

Россия ахброт воситаларида насронийлар бутунлай бирлашмаса ҳам, масалан, биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида келишувининг ўзиёқ ислом фанатизми, экстризми ва терроризми кучайиб бораётган бир даврда катта урушларнинг, ҳатто учинчи жаҳон урушининг олдини олиши мумкинлиги айтилмоқда.

Нима бўлганда ҳам, насронийларнинг икки оқими лидерлари тарихда биринчи марта учрашгани жуда катта ижобий воқеадир. Балки, бу мусулмонларга дарс бўлар ва шиа-суннийлар ўртасида музокаралар бошланиб, Сурия, Ироқ ва Ямандаги каби қонли воқеaларнинг олдини олиш йўлида ҳаракатлар бошланар. Табиий, бундай ҳаракатлар бошланса, уларнинг натижасида Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тезроқ қабул қилган бўларди.