12 February 2016
08:46 - Сенсация: Сурия бўйича музокаралар Женевада натижа бермаган эди, аммо кеча Мюнхенда Россия ва Ғарб яқинда Сурияда ўқ отишни тўхтатиш хусусида келишувга боришибди

Россия билан АҚШ асосий роль ўйнайдиган Сурияни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро комиссиянинг якуний баёнот матни хусусида келишишгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Бу халқаро комиссиянинг кечаги мажлисида АҚШ Давлат Котиби Жон Керри ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам қатнашдилар. Улар аввал алоҳида учрашиб ҳам олгандилар.

Энди якуний матн Сурия ҳукумати ва мухолифати тарафидан тасдиқлангандан кейин кучга кирармиш. Якуний матнда уч нуқта бўйича келишувга борилгани айтилмоқда – ўқ отишни тўхтатиш, Сурияга гуманитар ёрдам бериш ва ҳукумат-мухолифат музокараларини бошлаш.

Ўз-ўзидан маълумки, ҳамма нарса ҳукумат-мухолифат музокараларининг натижаларига боғлиқ. Аммо, мухолифат Башар Асад давлат раҳбарлигидан кетишини истайди, Россия ва Эрон тарафидан қўллаб-қувватланаётган Башар Асад бундай қилиш ниятида эмас. Шу сабабли ҳукумат-мухолифат музокаралари боши берк кўчага кириб қолишининг эҳтимоллиги жуда катта.

Унутмаслик керакки, Суриядаги кризиснинг асосида шиа-суннийлар орасидаги жанжал ётибди. Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча Суриядаги каби кризисларни тинч йўллар билан ҳал этиб бўлмайди. Демак, Мюнхендаги келишувлар матни, улар тасдиқланса ҳам, катта ижобий ўзгаришларга олиб келишининг эҳтимоллиги жуда кам.

Расмда – Сергей Лавров, Жон Керри ва БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура Мюнхендаги келишувдан кейин матбуот конференцияси беришмоқда.