11 February 2016
22:33 - Қирғизистонда 8 та энг коррупциялашган муассаса номи эълон қилинди, Ўзбекистонда ҳам эълон қилинадими?
Қирғизистон Миллий Статистика Қўмитаси мамлакатда энг коррупциялашган 8 та давлат органи номини маълум қилди. Булар орасида Қирғизистонда Жазоларни Ижро Этиш Давлат Хизмати, Гиёҳванд Моддаларни Назорат қилиш Давлат Хизмати ва Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги энг коррупциялашган, деб топилган. Ундан кейинги ўринларда Давлат Божхона Хизмати, Ички Ишлар Вазирлиги, Давлат Солиқ Хизмати, Таълим ва Фан вазирлиги, Иқтисодий Жиноятлар билан Курашиш Давлат Хизмати ва Архитектура Давлат Агентлиги, Адлия Вазирлиги, Давлат Мулкини Бошқариш Фонди, Иқтисодиёт Вазирлиги келмоқда.

Энг кам коррупциялашган давлат идоралари эса, Давлат Алоқа Агентлиги, Маданият Вазирлиги ва Маҳаллий Ўз-ўзини Бошқариш Ишлари Давлат Агентлиги ҳисобланаркан.

Хабарларда Қирғизистон Миллий Статистика Қўмитаси энг коррупционва энг кам коррупцион давлат органларини қандай аниқлангани айтилмайди, аммо тахмин қилиш мумкинки, бу – халқнинг фикрини ўрганиш билан шуғулланадиган ташкилотларнинг иши бўлса керак. Яъни, қайси ташкилот энг кўп коррупцион ва қайсилари энг кам коррупцион эканлиги - қирғизистонликларнинг фикридан келиб чиқмоқда.

Агар Ўзбекистонннинг статистика органи ҳам ана шундай рўйхатни эълон қилса, шубҳасиз, рўйхатнинг бошида Давлат Статистика Қўмитасининг ўзи туради, дейди мухбиримиз. Ундан кейин эса, айнан халқнинг фикрини ўрганиши керак бўлган “Ижтимоий фикр” номли лўттибозлик маркази ва сўнгра бошқа ҳамма давлат органлари рўйхатдан ўрин олиши муқаррар.