09 February 2016
16:48 - АҚШ толиблар фаоллашаётган Афғонистоннинг Гелмонд вилоятига қўшимча ҳарбийлар жўнатмоқчи
Англияда чиқадиган таниқли The Guardian газетаси хабар қилишича, АҚШ Афғонистоннинг Гелманд вилоятига қўшимча бир неч юз аскарини юбормоқчи. Маълумки, бу вилоятда Толибон билан курашаётган афғон қўшинларига ёрдам бераётган АҚШ ва Буюкбританиянинг сони кўп бўлмаган ҳарбийлари аввалдан бор эди. Демак, тахмин қилиш мумкинки, The Guardian газетаси бу ерга яна америкалик аскарлар келишини у ердаги англиялик ҳарбийлардан олган.

Яна маълумки, бу икки мамлакатнинг ҳарбийлари “Толибон” билан жангларда тўғридан-тўғри қатнашмайдилар. Улар афғон ҳарбийларни ўқитиш, улар билан ҳарбий машғулотлар ўтказиш ва маслаҳатлар бериш билан шуғулланадилар. Лекин, The Guardian газетасининг хабарида айтилишича, жангларда тўғридан-тўғри қатнашиш билан қатнашмаслик орасида баъзида фарқ қолмаяпти.

Ҳозиргача Афғонистонда АҚШнинг сал кам 10 минг кишилик қўшинлари бор. Президент Барак Обама бу қўшинлар сонини 5,5 мингга туширмоқчи, аммо Сенат бунга йўл бермоқчи эмас. Мақсад яқин йилларда Афғонистондаги Америка қўшинларини олиб кетмаслик ва жангларда иштирок этмасдан афғон қўшинларига ёрдам бериш ва толибларнинг янада кучайишига йўл бермаслик.

Ҳозир айниқса Покистон билан чегарадош бўлган Гелманд вилоятида толибларнинг фаоллиги ортиб бормоқда. Бу вилоятдаги 14 та тумандан учтасигина Қобулнинг қўлида экан. Толибларни Ироқ ва Сурияда яратилган ИШИДнинг муваффақиятлари ҳам рағбатлантираётани шубҳасиз.

Гелманд вилоятида опиум етиштириладиган майдонлар кўплиги ҳам толиблар учун катта аҳамиятга эга, чунки, улар опиум сотишдан олинадиган пулга қизиқадилар.

Табиий, Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатда барқарорлик йўқлиги ўзбекларни ҳам хавотирга солади.