07 February 2016
17:18 - Саудиядан кейин БАА ҳам ИШИДга қарши урушиш учун пиёда қўшинларини юбормоқчи, аммо ҳамма қўшилиб ҳам ислом терроризмини тўхтатолмайди
Reuters Агентлиги Бирлашган Араб Амирликларининг ташқи ишлар вазири Анвар Гаргаш Абу-Дабудаги брифингда айтган гапларига асосланиб хабар беришича, бу давлат ўз пиёда қўшинларини ИШИДга қарши урушиш учун Сурияга жўнатишга тайёр. БАА ИШИДга қарши қоалиция олиб бораётган ҳаводан хужумларнинг секин суръатидан қониқмаётгани сабабли у ерга ўз қўшинларини юбормоқчи эмиш.

Маълумки, бир неча кун аввал биринчи бўлиб Саудия Арабистони ИШИДга қарши урушиш учун ўз пиёда қўшинларини Сурияга юбормоқчи эканлигини эълон қилган эди.

Қизиғи шундаки, Ғарб ва Росиядан фарқли ўлароқ, Саудия ва БАА ИШИДчиларни террористлар деб айтмаяптилар. Буни тушунса бўлади, чунки, ИШИД террористик деб баҳоланадиган ишлар қилмаяпти, у Исломнинг талабларини амалага ошириш учун ўзича муқаддас уруш олиб бормоқда.

Ислом дини Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиқаётган талаблардан, масалан, шариат қонунлари бўйича яшайдиган исломий давлатлар тузиш ва уларни халифаликка бирлаштириш кераклиги ҳақидаги тушунча ёки талаблардан воз кечмагунча муқаддас уруш олиб бориш истагидаги гуруҳларнинг кети узулмайди. ИШИД йўқ қилинса, бошқаси ўртага чиқади.

Ислом терроризмини йўқ қилишнинг ягона йўли – Ислом дунёвийлик/секуляризм принципини тан олиши керак.