06 February 2016
15:16 - Тайванда ер қимирлаш натижасида ҳалок бўлганларнинг сони 17 га чиқди, аммо хабарлар аралаш-қуралаш
Кеча маҳалий вақт билан саҳар соатларида Тайваннинг жанубида 6,4 магнитудали, яъни Рихтер шкаласи бўйича 6,4 даражали ер қимирлаши бўлгани бутун жаҳон ахборот воситаларининг диққат марказида турибди. Ахборот воситалари ҳамма ҳамма нарсани билади деб ҳисоблашса керакки, бу даражадаги ер қимирлашнинг хавф даражасига изоҳ ҳам беришмайди.

Шу сабабли эслатамиз, Рихтер шкаласи ер қимирлашлар даражасини 1 билан 9,5 орасида баҳолайди. 1966 йилда Тошкентда бўлган ер қимиршлашнинг магнитудаси 5,6 эди. Шундай экан, Тайвадаги ер қимирлашини жуда даҳшатли воқеа деб баҳолаб бўлмайди.

Агарда бу ер қимирлаш натижасида аҳолиси 2 миллион бўлган Тайнан шаҳридаги 96 квартирали ва 256 киши прописка қилинган 17 қаватли уй бутунлай қулаб тушмаса эди, балки, бу воқеага унча катта эътибор ҳам бўлмасди. Аммо, бутунлай яксон бўлган бинода 10-11 киши ҳалок бўлганини, яна бир неча киши ҳали топилмаганини ҳисобга олсак ҳам, мўъжиза деб деб баҳолаш керак. Чунки, ҳали кўпчилик уйида бўлган соатларда бино бутунлай қулаб тушиб, бунча кам одам ўлиши ростдан ҳам яхши мўъжизадир.

Бу шаҳарда яна бир неча бино шикастланибди, умумий ҳалок бўлганлар сони 17 га чиққани айтилмоқда. Яна солиштириш учун айтиш керакки, Тошкентдаги ер қимирлашида 6-8 киши ҳалок бўлган, уларнинг асосий қисми юрак хуружидан ўлганди.

17 қаватли бинонинг бутунлай қулаб тушиши Тайванда ҳам қурилиш билан шуғулланадиган ширкатлар ичида сифатсиз иш қиладиган қаллоблари борлигининг исботи бўлса керак.