04 February 2016
18:28 - Обама масжидда америкалик мусулмонлар билан бошқа америкаликлар ўртасида ёмонлашиб бораётган муносабатларни тузатолмслигини кўрсатди, мусулмонлар АҚШдан қочишни ўйлайверишлари керакмасми?
Аввалги хабарларимиздан маълумки, АҚШ Президенти Барак Обама 3 февралда Мэриленд штатидаги бир масжидга бориб, АҚШда анти-исломий кайфиятлар кучайиб боришининг олдини олиш ниятида мусулмонлар билан учрашмоқчи эди. Унинг масжидга ташрифи телеканаллар орқали намойиш қилинган ёки қилинмагани ва у қайси соатларда масжидга ташриф буюрганини билолмадик. Аммо, АҚШнинг энг таниқли Reuters агентлиги ва Вашинтон Пост газетасининг сайтларида бу ташриф ҳақида унча катта бўлмаган хабарлар бугун эрталаб, саҳар соатларидагина эълон қилинди. Вашинтон Пост газетасининг бугунги сонида газета саҳифасининг учдан бирини эгалловчи хабар берилди.

Вашинтон Пост газетасида айтилишича, Барак Обама 7 йил аввал Қоҳирада ҳам кеча Мэрилендда каби мусулмонлар жамоаси олдида нутқ сўзлаган ва терроризм, колониялизм, Ироқдаги уруш, Исроил-Филистин конфликтини тилга олар экан, отаси мусулмон бўлган АҚШнинг биринчи қора танли президенти сифатида мусулмонлар билан Ғарб ўртасида кўприк бўлиш ниятини очиқлаган экан. Амалда Барак Обама ҳеч қандай кўприк ролини ўйнай олмагани, унинг Қоҳирадаги нутқининг ҳеч қандай аҳамияти бўлмаганини ҳисобга олсак, Вашинтон Пост газетасининг мухбирлари Обаманинг Мэриленддаги нутқи ҳам айнан шундай бўлишига ишора қилишаётганга ўхшайди.

Хуллас, бугунги хабарлардан маълум бўлишича, Барак Обама кеча Мэриленддаги масжидда асосан ёшлар ва болалардан иборат тахминан 100 кишилик гуруҳига мурожаат қилиб, АҚШда ҳижоб таққан аёллар, мусулмон болалар ва масжидлар нишонга олинаётганини тилга олибди, ИШИДни анчагина юмшоқ сўзлар билан танқид қилибди, АҚШ армиясида мусулмонлар борлигини, бу йил Бразилияда бўладиган Олимпиада ўйинларидаги қиличбозлик мусобақаларида америкалик мусулмон аёл ҳижоб билан чиқишини олқишлаб, телеканалларда мусулмонларни террорист қилиб кўрсатилиши тўғри эмаслигини гапирибди ва мусулмонларга “ўзингиз ким эканлигингизни ўзингиз кўрсатинг, насронийларнинг “ўз ёриғингни ўзинг тарқат” ифодасидан фойдаланинг” деб мурожаат қилибди.

Бундан ташқари, Барак Обама АҚШнинг асосчиларидан бири Томас Жеферсон америкаликлар учун дин эркинлиги ҳақида гапирар экан, мусулмонларни ҳам тилга олганини, шу сабабдан унинг мухолифлари унинг ўзини мусулмон бўлса керак деб тахмин қилганларини эслатар экан, шахсан ўзи билан ҳам шундай бўлаётганини, ўзини яширинча мусулмон эканлигини айтаётганлар борлигини ҳам кулгилар остида эслатибди.

Кўриниб турибдики, Барак Обама Мэриленддаги нутқида чуқурроқ анализга асосланган фикрлар айтмаган, масжидда хўжа кўрсинга учрашув ўтказган. Тахмин қилиш мумкинки, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг сайтимизда ҳам эълон қилинган хати ҳам АҚШ Президентининг шахтини туширган бўлса керак.

АҚШдаги Барак Обама ҳам аъзоси бўлган Демократик Партияга яқинлиги билан билинган Вашинтон Пост газетасидаги хабарда ҳам Барак Обамага хайрихоҳлик руҳи кўринмайди. Обаманинг масжиддаги нутқини ёритувчи мақоланинг катта қисми анти-исломий рухдаги лирик чекинишлардан иборат. Масалан, у ерда америкаликларнинг мусулмонларга муносабатини кўрсатувчи бир қатор рақамлар келтирилган. Уларнинг ҳаммасини эмас, бир нечтасини келтирамиз.

2002 йилда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Республикачилар Партияси аъзолари ва бу партия хайрихоҳларининг 47 фоизи “мусулмонларнинг кўпчилиги ёки каттагина қисми америкаликларнинг душмани” деб ҳисоблашар экан. Ҳозир бу рақам 63 га чиқибди. Демократлар ва уларнинг хайрихоҳлари учун бу рақамлар 42 ва 41. Даҳшат!!!

Шундай экан, АҚШда яшаётган мусулмонлар ҳайдалишни кутиб ўтирмасдан, ўзлари қочиб қолишни ўйлашлари керакмасми?

Барак Обама Ислом динининг имиджини яхшилашни истаса, Мэриленддаги масжидда сўзланган нутқидан фойдаланиб, дунё мусулмонларини Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказишга ва тезроқ дунёвийлик принципини тан олишга чақирса эди, тарихий воқеа бўларди. Минг афсуски, у бундай қилмади. Демак, унинг кечаги нутқи Қоҳирадагиси каби қоғозда қолиб кетади.