02 February 2016
16:07 - Ургутда йирик наркоташмачилар тўдаси жавобгарликка тортилди
Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди ҳукми билан фуқаролар Ф.Холов, М.Сохибов, С.Каримов, К.Эшмахмадов, З.Рахимов, О.Рахимов, Р.Сохибов, У.Мелиқулов гиёҳванд моддаларни сақлаш ва сотишда айбланиб, 10 йилдан 15 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Жиноят иши материалларига кўра, Холов бошлиқ жиноий тўда 2013 йилдаёқ "Хожи" лақабли тожикистонлик шахс билан узвий алоқада бўлган ва йирик наркотраффикни ташкил қилган.

Ушбу жиноий ҳаракатлар билан гуруҳ узоқ вақт шуғулланиб келишган. Улар 2015 йилнинг ўзида 50 килограммадан ортиқ гиёҳвандлик моддаларини Ўзбекистон ичида тарқатишган. Жиноий гуруҳ аъзоларининг уйлари тинтув қилинганда 20 килодан ортиқ опий ва йирик миқдорда нақд пул топилган.