27 January 2016
16:33 - Ўзбекларга нисбатан адолатсизлик: Дунё мамлакатларнинг эркинлик рўйхатида Ўзбекистонга 2-чи ўрин, табиий, охиридан 2-чи ўрин берилибди

АҚШдаги дунёнинг машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилоти Freedom House жаҳон давлатларининнг навбатдаги йиллик эркинликлар даражаси рўйхатини эълон қилди. Эркинлик энг кўп бўлган мамлакатларга 100, энг паст даражадагиларга 1 баҳо берилган. 100 баҳоси Исландия, Норвегия, Швеция, Финландия ва Сан Марино давлатларига тегибди. 1 баҳоси ҳеч кимга берилмаган. Сурияга -1 баҳо берилибди.

Табиий, Ғарбнинг ҳамма мамлакатлари ҳамда Япония, Жанубий Корея, Тайван, Янги Зелландия ва Австралия давлатлари 100 га яқин баҳо олганлар.

Энг кам, яъни 2 баҳо олган мамлакат – Сомалия. 3 баҳо олган мамлакатлар – Шимолий Корея, Ўзбекистон ва Эритрея. Ҳатто қўшнимиз Туркманистонга 4 баҳо тегибди.

Мана биз учун қизиқ бўлган баъзи мамлакатларининг баҳолари:

Исроил – 80
Ҳиндистон – 77
Гуржистон - 64
Туркия – 53
Арманистон – 46
Покистон – 41
Қирғизистон – 38
Ғарбий Қирғоқ (аслида, Филистин) – 30
Миср – 27
Эрон – 27
Қозоғистон – 24
Россия – 22
Хитой – 16
Озорбайжон – 16
Тожикистон - 16

Бундан ташқари жаҳон мамлакатлари 3 категорияга бўлинган – эркин, қисман эркин ва эркинлик бўлмаган мамлакатлар. Собиқ Совет республикларидан Арманистон, Гуржистон, Молдова, Украина ва Қирғизистон қисман эркин, қолганлари эркинлик бўлмаган мамлакатлар рўйхатига киритилган.

Табиий, дейди мухбиримиз, дунёда ҳамма нарса нисбий. Freedom House берган баҳолар ҳам нисбий. Масалан, Қирғизистонда қирғизлар учун “қисман эркинлик” бордир. Аммо, у ерда ўзбекларни одам деб ҳисоблашмайди ва жаҳон ўзбеклари ҳамма тешикларини қисиб ўтирганидан фойдаланиб, Қирғизистондаги ўзбекларни истаган пайтда қирғин қилишади, уларни тарихий ерларидан сиқиб чиқариш сиёсатини давом эттираверишади. Freedom House ташкилотида ўтирганлар буни кўришлари учун ўзбеклар ўз овозини чиқариши керак.

Ўзбекистон эркинликлар рўйхатида охиридан 2-чи ўринга қўйилиши ҳам бахсли. Чунки, Freedom House эркинлик деганда инсонларнинг ҳуқуқий, сиёсий ва ижтимоий эркинлиги, матбуот эркинлиги, дин эркинлиги каби нарсаларни тушунади. Ўзбеклар учун булар мутлақо кераксиз нарсалар, ўзбеклар учун муҳим бўлгани - овқат ейиш ва туалетга бориш эркинлигидир. Шу факторлар ҳисобга олинса эди, Ўзбекистон эркинликлар рўйхатининг охиридан эмас, бошидан жой оларди. Ўзбеклар ҳеч бўлмаса шу маънода адолат тикланиши учун кураш бошлашлари шарт.