20 January 2016
22:06 - Нурсултон Назарбой Қозоғистон Парламентининг қуйи палатаси Мажлисни тарқатиб юборди, навбатдан ташқари бўладиган сайловлар кунини тайинлади

Ғарбнинг Россияга қарши киритган санкциялари ва бу билан боғлиқ равишда жаҳон бозорида нефтнинг нархи тушиб кетиши натижасида Қозоғистонда ҳам молиявий-иқтисодий кризис бўлаётган ҳаммага маълум. Кризисдан чиқиш учун катта ишлар қилинмоқда. Шулардан бири сифатида Мажлисни янгилаш кўрсатилмоқда. Аммо, демократиянинг урвоғи ҳам бўлмаган, қўғирчоқ Парламентга эга бўлган Қозоғистонда нима учун Мажлисни янгилаш керак бўлганини тушуниб бўлмайди.

Мажлисни янгилаш, шубҳасиз, Нурсултон Назарбойнинг топшириғи билан бошланди. Мажлиснинг ўзи Нурсултон Назарбойга мурожаат қилиб, ўз таркибини янгилашга чақирди. Президент хўжа кўрсинга турли учрашувлар ўтказди ва бугун ниҳоят Мажлисни тарқатиб юборди, 2016 йилнинг 20-21 март кунларига навбатдан ташқари сайловлар тайинлади.

Бу мамлакатда 107 кишилик Мажлиснинг катта қисми партияларнинг номзодлари рўйхати бўйича умумхалқ сайловларда, қолган қисми эса, Қозоғистон Халқлари Ассамблеяси номли ташкилот тарафидан сайланади.

Нурсултон Назарбойнинг Фармонига кўра, умумхалқ сайловлари 20 март куни, Қозоғистон Халқлари Ассамблеясидаги сайловлар 21 март куни ўтказилади.