20 January 2016
21:11 - Украина-Россия можаросига аралашган ўзбек жавобгарликка тортилади

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси кеча тарқатган пресс-релизида “Украина-Россия можароси” сўзлари ишлатилмаган, аммо аслида айнан шу нарса ҳақида гап кетмоқда. Қоғизда эса, элчихонамиз Украина шарқидаги жангларда қатнашган Ўзбекистон фуқароларининг жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириш берган. Агар ўзбекистонлик бу жангларда иштирок этса, 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Жиноят Кодексида шундай сўзлар бор: “Моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Украинада ҳукумат ёки айирмачилар томонида туриб, жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлса керак, дейди мухбиримиз, аммо уларнинг сони аниқ эмас.