14 January 2016
17:02 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Фермерга ўлим!”
- Кимда ким фермерлик сиёсатига қарши турса, ўша менинг душманим! (Ислом Каримовнинг 17. 06. 2012 йил куни Сурхондарё вилояти фермерлари билан бўлган учрашувида сўзлаган нутқидан).

Мен 2007 йилдан Андижон вилояти Избоскан туман «Нодир Даврон ҳосили» ф/хнинг раҳбари бўлиб 2014 йилгача ишладим. Мендан нафақага чиққач фермер хўжалик номи ўзгариб «Ҳасанбой хожи баракаси» ф/х деб номланиб унга 2015 йил фожеали тарзда вафот этган марҳум ўғлим Ҳайдаров Нодирбек раҳбарлик қила бошлади. Раҳматлик ўғлим жуда меҳнаткаш бўлиб ўз ишига жуда меҳр қўйган эди. У 2014 йилги давлат шартномасида кўрсатилган пилла етиштириш режасини 100%га, буғдой етиштириш режасини 114,5%га бажарди.

2014 йилнинг 21-июнида буғдойдан бўшаган ерга такрорий экин сифатида шоли экди. Лекин раҳбарият: -Сен катта йўл бўйига шоли эккансан, деб баҳона қилишиб унга айб қўйилиб ўғлимнинг ерларини заҳирага олишга буйруқ беришди. Бундан ташқари Андижон вилояти ҳокими Избоскан туман ҳокимига: -Сен ундан гуруч олиб егансан, демак, сен ҳам унга шериксан, деган туҳматни қилиб заҳирага олинган ўғлимнинг ерларини тендерга қўйдирди. Избоскан туман ҳокими марҳум ўғлим Нодирбекни чақириб: - Ҳақиқатдан ҳам мен катта йўл бўйига шоли экканман, деб ундан тушунтириш хати ёздириб олади. Тендерда эса менинг ўғлим Нодирбек рақибларидан катта фарқ билан ўз ерини яна ютиб олди. Бироқ 42,5 гектар ердан 12 гектар ерини Избоскан туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими (Агропромнинг) бошлиғи Қирғизов Нўъмонжон ютиб олади. Лекин суғоришга қулай ҳосилдор ерни ўз амалидан фойдаланиб эгаллаб олган Қирғизов Нўъмонжон ердан қандай фойдаланишни билмай уни ҳам менинг ўғлимга топшириб: -Бу ерга сабзавот экинлари экиб, ундан ўзинг ҳам фойдаланиб қолгин, деб буйруқ беради. Ўғлим Нодирбек 2014 йил масъул раҳбарнинг гапига ишониб кузда ўша 12 гектар ерни шудгорлаш учун МТП (Машина трактор парки)дан ўз чўнтагидан маблағ сарфлаб техника ёллаб унга 500 литр солярка қуйиб хизмати учун 12 гектарга иш ҳақи маълумотномасини ҳам берган. 2015 йил эрта баҳорда ер текислашда 12 гектар ерни 2 (икки) марта длиннабаза қилиш учун 500 литр дизел ёқилғиси ҳамда техника хизмати учун чизелмола ҳамда агат олиш учун 410 литр дизел ёқилғиси хусусий трактор учун 1 280 000 (бир миллион икки юз саксон минг) сўм нақд пул ишлатди. Бундан ташқари ўша ерга 15 (ўн бешта) ёлланма ишчи ёллаб кунига уларнинг ҳар бирига 10 000 (ўн минг) сўмдан жами 150 000 (бир юз эллик минг) сўмдан нақд пул сарфлаб 2 (икки) кун давомида уларнинг ёрдамида 18 000 (ўн саккиз минг) туп помидор, 3000 (уч минг) туп булғор қалампири кўчатини эктиради. Шундай қилиб барча меҳнатни муваффақиятли якунлаб бу ҳақда Избоскан туман Агропром бошлиғи Қирғизов Нўъмонжонга хабар бергандан кейин Андижон вилояти ҳокими келиб: -Ушбу 12 гектар сабзавот экинларининг ўрнига пахта экасан, деб топшириқ беради. Бу воқеалардан кейин Агропром бошлиғи Қирғизов Нўъмонжон ўғлимга: -Экилган помидор ва булғор кўчатларини бузиб уларни бошқа ерга экдир. Барча ҳаражатларингни эса мен ўзим қоплайман. Сен ҳозирча ўз ёнингдан сарфлаб туравергин-а, деб алдайди. Аммо Қирғизов Нўъмонжон ўғлимнинг сарф ҳаражатларини ҳануз тўлагани йўқ: -Бели оғримаганни нон ейишини кўр, дейди доно халқимиз.

Шундай қилиб, 12 гектар ернинг 1 (бир) гектарига пиёз, 0, 50 гектарига шоли ҳамда қолган қисмига пахта экилди. Аслида ўша 12 гектар ер тендерда ютилганда сабзавот етиштириш учун деб расмийлаштирилган эди. Бироқ Андижон вилоят ҳокимининг буйруғи билан у ерга пахта экилди. Бу нарса менга яна собиқ советлар даврида пахта якка ҳукмронлигини эслатиб юбормоқда. Чунончи, ўша 12 гектар ер бизнинг балансимизда бўлган тендергача бўлган давр 2014 йил 21-июнда яна буғдойдан бўшаган ерга такрорий экин сифатида ўғлим Нодирбек шоли экканда Андижон вилоят ҳокими: -Сен катта йўл бўйига шоли экдинг, деб айб қўйиб биздан 12 гектар энг серҳосил ерни тортиб олиб қўйди. Лекин 2015 йилнинг баҳорда эса Андижон вилоят ҳокимининг буйруғи билан шоли экиш мумкин бўлмаган катта йўлнинг бўйига шоли ҳам экилди. Демак, вилоят ҳокими ўғлимдан ўша 12 гектар ерни тортиб олиш учунгина шоли ва катта йўлни баҳона қилган эканда?! Навбат раҳбарларнинг ўзига келганда эса сабзавотчиликка ихтисослаштирилган ерларга шоли ҳам, пахта ҳам экилаверар эканда!? Қойил қолиш керак: -Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин, дейди доно халқимиз. Бироқ 2015 йил 7-декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси кунига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов пахта далаларини камайтиш, аксинча озиқ-овқат боп экинлар экиладиган майдонларни кўпайтиришга ҳаракат қилиш тўғрисида кўп ва ҳўп гапирдилар. Биздачи, қоғозда бошқа, амалда бошқа воқеалар авж олмоқда. Қоғозбозлик ривожланган жойда оддий халқ эмас, ҳатто тадбиркорнинг ҳам бири икки бўлмайди.

Юқоридаги воқеалардан кейин мен ўзимни ё замондан орқада қолган овсар деб тан олишимни ёки раҳбарлар шолини сабзавот билан алмаштириб қўяпти, шекилли дейишимни ёхуд вилоят раҳбарлари давлатимиз қонунларини менсимаяпти, дейишни ҳам билмай қолдим! Хуллас, юқоридаги воқеаларнинг худди «Бўри ва қўзичоқ» масалидаги сценарийдан фарқи қолмади: -Айбинг шуки, қорним очганда учрадинг!

Гапнинг қисқаси, чигит ерга қадалгандан кейин 5-6 кун суғорилмасдан турпоқ остида иссиқда жизғанаги чиқиб омборда тургандек туриб қолди. Ўғлим Нодирбек бу ҳолатни кўриб чидай олмасдан ўз чўнтагидан яна ҳар бир гектарига 20 000 (йигирма минг) сўмдан сувчиларга пул тўлаб уни суғортирди ҳам. Воқеаларни бу тарзда ривожланишини кутмаган Избоскан туман Агропром бошлиғи Қирғизов Нўъмонжон Нодирбекка қараб: -Ука, сен ўзинг ғўзага қарайвер, мен тавба қилдим. Ерни яна ўзингга қайтариб бераман, шекилли, деб юборганини ўзи ҳам билмай қолган. Натижада экилган чигит униб чиққандан кейинги 1-чопиқ, ғўза яганаси, 2-чопиқ, 1- ва 2-культивация, 1-ўғитлаш ишларининг барчаси «Ҳасанбой хожи баракаси» ф/х ҳисобидан амалга оширилди. Юқоридаги ортиқча меҳнат ўғлим Нодирбекдан қуйидаги қўшимча харажатларни талаб қилди:

750 000 (етти юз эллик минг) сўм – помидор экиш учун.
2 070 000 (икки миллион етмиш минг) сўм – ғўза яганаси ва 1-, 2-чопиқ учун.
185 000 (бир юз саксон беш минг) сўм – ёлланма ишчиларнинг озиқ-овқати учун.
250 000 (икки юз эллик минг) сўм – ғўзани ўғитлаш учун трактор хизмати (Афсуски, бу пул тракторчига тўланмай, ўғлим тракторчидан қарз бўлиб қолган).
150 литр дизел ёқилғиси – 1-, 2-культивация учун.
80 литр дизел ёқилғиси – ўғитлаш учун.

Оқибатда, кутилмаган меҳнатдан қийналиб қолган марҳум ўғлим Ҳайдаров Нодирбек Агропром бошлиғи Қирғизов Нўъмонжон ҳузурига кириб ўзига иқтисодий томондан ёрдам беришини ундан илтимос қилибди. Аммо Агропром бошлиғи Қирғизов Нўъмонжон ўғлимга: -Сен мени кимга ўхшатяпсан, ўзи? Мен сени ўша ерга фермер қилиб сайладимми?! Одамлар сенларни яхшиликни билмайдиган инсонлар тоифасидан, деб айтишганда мен уларга ишонмаган эдим. Бугун эса уларнинг гапи рост чиқди. Энди, бор йўқол, мен сенга бир тийин ҳам бермайман!-деб ўз хонасидан ҳайдайди. Наҳотки, давлатимизнинг ерлари Агропром бошлиғи Қирғизов Нўъмонжонга ўхшаган саводсиз, ёлғончи, фирибгарларнинг қўлига қолган бўлса?! Наҳотки, республикамизда ҳануз ерлар ўз эгаларига топширилмаган бўлса... .

2015 йил ёзи. Буғдой ўрими бошланиб ўғлим Нодирбек 25 гектар ердан 19 гектар буғдой майдонини ўриб 15- ва 16-июнь кунлари давлатга дон топширди. Қолган буғдой эса комбайинлар йўқлиги туфайли бизга номаълум бўлган сабабларга кўра ўрилмай қолади. Натижада 16. 06. 2015 йил куни Избоскан туман заказзерно биносига туман Ички Ишлар бўлими бошлиғи С. Асқаров ўғлим Нодирбекни участка нозири А. Бакиев орқали чақиртириб келиб унга: -Нега шартнома режасини бажармаяпсан? Тезда режани бажар! – деб босим ўтказа бошлабди. Ўғлим унга қарата: -Биринчидан, мен ҳисоботни сизга эмас, ҳокимга топшираман. Иккинчидан, комбайин бўлмаса, уни онамникидан оламанми?!–деб жавоб берган. Тўғрида, давлат буғдойни ўриш учун ўз комбайинларини деҳқонга тайёрлаб бермаса, мабодо, улар бўлган тақдирда ҳам туман ИИБ бошлиғи С. Асқаровга ўхшаганлар уларни атайлаб ўз нафсининг кўйига тушиб ўша деҳқоннинг даласидан бошқа ёққа олиб қўйса, яна бечора деҳқон-фермер айбдор бўлиши керакми?! Туман ИИБ бошлиғи С. Асқаровга ўхшаган зўравонларга қарши турадиган куч туманда ёки вилоятда ёхуд республикамизда борми, ўзи?! Ҳозирча йўқ! Қишлоқ хўжалик ишларига аралашишга ички ишлар ходимларининг аралашуви қонунда борми ёки йўқ? Бошқа вилоятларни билмадим-у, аммо Андижонда бор экан!

Шундай қилиб Избоскан туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров ҳар куни ўғлимга: -Қаердан бўлса ҳам комбайин топиб буғдойни ўр ва режани бажар!–дейишдан чарчамаган. Зеро, туман ИИБ бошлиғи С. Асқаровнинг ўғлим Нодирбекка босим ўтказишининг ҳам ўзига яраша жиддий сабабалари бор эди. Чунончи, буғдой ўрилишидан олдин участка нозири А. Бакиев ўғлим Нодирбекнинг олдига келиб: -Буғдой ўриб бўлингач, сомонини пресс қилганингдан кейин менга, туман ИИБ бошлиғи С. Асқаровга ва МЧСнинг бошлиғига 50тадан 150та сомон пресс беришни эсингдан чиқарма!–деб қонунга хилоф равишда буйруқ берган. Тўғриси, участка нозири А. Бакиевнинг бу гапидан ўғлимнинг жаҳли чиққан. Нафақат Нодирбекнинг қони қайнайди бу каби ҳақоратомуз буйруқларга, аксинча, ҳар қандай ҳур фикрли, виждонли инсонни бу каби сўзлар нафсаниятига тегиши табиий ҳол, аслида! Лекин кўпчилик, ўзбекчилик дейдими бу ҳолни ёки андиша қилибми раҳбарларнинг бу каби аҳмоқона қилиқларига «кел энди, оч қорним, тинч қулоғим» деб индамай кетаверадилар. Марҳум Нодирбек эса ўша андишани бир ёққа суриб қўйибди-да, уларга тутун қайтарибди: -Менинг сизлардан қарз жойим йўқ. 150та эмас, бир дона ҳам пресс сизларга бермайман, деб кўнглидаги гапни уларга ошкора айтган. Рост гап туққанингга ёқмайди, деганларидек, шу кундан бошлаб туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров ўғлим Нодирбекни участка нозири Азизбек Бакиев орқали чақириб келиб қасд олиш мақсадида унга ҳар кеч тазйиқ ва босим ўтказишга берилиб кетади. Бу ҳол то ўғлимнинг фожеали тарзда ўлим топган кунигача, яъни 16. 06. 2015 йил кундан 02. 07. 2015 йил кунгача 17 кун давом этди.

Бу қанақанги ҳолки, деҳқон ўзи етиштирган маҳсулотини ҳам ҳали у зўравонга, ҳали бу раҳбарга тарқатиб жон ҳовучлаб яшаса?! Бунақада деҳқон бечора бойий олмайди-ку! Ер тўйса, деҳқон бой бўлади. Деҳқон бой бўлса, демак юрт фаравон бўлади, деган баландпарвоз шиорларни эса водийнинг ҳамма магистраль йўл бўйларида учратиш мумкин! Амалда-чи, С. Асқаровга ўхшаган зўравон ИИБ бошлиғлари-ю раҳбарларнинг қорни тўқ бўлсагина, биз бечора деҳқонларнинг қорни оч бўлса ҳам, ўшанда тинч яшар эканмиз! Аслида: -Раҳбарлар тўқ бўлса, қорнинг оч-у, лекин қулоғинг тинч, хотиржам яшайсан, деган сўзларни бутун республика бўйича катта йўл бўйларига шиор қилиб илиб чиқиш тўғри бўлишлигини ўғлимнинг фожиасидан кейингина мен тушиниб етдим. Чунки бу раҳбарлар ўзбек деҳқонига кун бермайди! Бу ҳол ўз исботини топди!

Хуллас, 2015 йил Андижон вилоятида буғдой ўрими вақтида ўрим комбайинлари отряд усулида ташкил қилинганлигига қарамасдан Избоскан туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров томонидан ўша отряд шахсан у томонидан бошқарилиб қайси фермер унга сомон прессидан бераман деса, биринчи бўлиб ўша фермернинг буғдойига комбайинлар юборилиб ўрим ўз вақтида якунланган. Бермайман, деган Нодирбекка ўхшаган фермерларнинг буғдойи эса пишиб-қуриб дони тўкилиб кетса ҳам туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров ва унинг гумашталарига талаб этилган сомон прессларни бермагани сабаб пишиб етилган буғдой ҳосили ўрилмай қолаверган. Избоскан туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров ва унинг жиноятчи гуруҳи аъзолари фермерларни қўрқитиб 500 тагача сомон пресс олган ва ўша прессларни Жонобод қишлоғи собиқ загатконтораси биносига тўплаган.

2015 йил 16-июндан бошлаб то 01-июлигача туман заказзерноси жойлашган бинога Избоскан туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров участка нозири Азизбек Бакиев орқали ўғлим Нодирбекни ҳар куни кеч соат 19:00га чақириб келиб: -Шартнома режасини бажар, деб дўқ-пўписа қилиб босим ўтказади. Бу ҳолни ўз кўзи билан шоҳиди бўлган Избоскан туман ҳокими ИИБ бошлиғи С. Асқаровга 24. 06. 2015 йил куни: -Аввал буғдойини ўрсин, кейин тўлмаса режани талаб қил, деганда ИИБ бошлиғи С. Асқаров ҳокимга қараб: -Сиз унинг тарафини олманг, мен у билан ҳали бошқача гаплашаман, деб одамнинг нафсониятига тегадиган гаплар билан ўғлимни ҳақорат қилибди. Туман ҳокимининг аралашувига қарамай участка нозири А. Бакиев Нодирбекка: -Режани бажармагунингча ҳар кун заказзернога келасан, деб талаб қўйган. Бундан ташқари 2015 йил 16-июндан бошлаб Избоскан туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров буғдой бўйича давлат режасини бажара олмаётган фермерларни туман дон қабул қилиш корхонаси (заказзерно)га тўплаб кеч соат 19:00дан то 24:00гача 6 (олти) соат давомида бирма бир сўроқ қилиб ҳақоратлаб ҳамда айрим фермерларни эса уриб уларга муштумзўрлик ҳам қилган. Бу нарса ИИБ бошлиғи учун оддий ҳолга айланиб қолган.

Қисқаси, 2015 йил 01-июль куни эрталаб участка нозири Азизбек Бакиев бизнинг уйимизгача келиб сўнг Нодирбекни дарвоза олдига тикка қилиб қўйиб унга дўқ ура бошлабди: -Сен менинг феълимни биласан. Агар сени деб бошлиқдан гап эшитсам, мендан яхшилик кутмагин! А. Бакиевнинг бу гапларини ичкарида уларнинг суҳбатларига қулоқ тутиб турган Нодирбекнинг онаси ва аёли баралла эшитиб турганлар. А. Бакиевнинг таҳдидидан сўнг Нодирбекнинг онаси хавотирга тушибди ва ташқарига чиқиб унга: -Азизбек, сиз аввал буғдойни ўриш учун комбайин олиб келинг, ана ундан кейин режа бажарилмаса, бу гапингиз ярашарди, деб жавоб қайтаради. Участка нозири А. Бакиев ўз айбини тан олмасдан: -Ҳола, сиз мени тушунмадингиз, аслида ўғлингиз режани бажараман деб бизни алдаб юрибди, деб ўзини оқламоқчи бўлади. Шунда ўғлим Нодирбек онасига қарата: -Ойи, сиз бу ишларга аралашманг, илтимос, деб уни уйга киритиб юборади.

Участка нозири А. Бакиев 2015 йил 01-июль куни яна Нодирбекнинг телефони ўчиқ бўлгани учун менга қўнғироқ қилиб уни ёки мени семинарга қатнашишимиз кераклигини маълум қилади. Ўша семинарга ҳам Нодирбекнинг ўзи шахсан бориб қатнашиб келди. Шу куни соат 15:00ларда Нодирбек даладан уйга келиб телефонини зарядкага қўйиб турганда яна участка нозири А. Бакиев кўчадан уни чақириб келиб эшигимиз олдида: -Сен уйда ётибсан, эркакмисан ўзи? Режани ким бажаради? Режани бажараман деб ваъда қилиб бизни алдаб юрибсанми, ҳали?! Агарда мен сени деб гап эшитадиган бўлсам, билиб қўй, мендан яхшилик кутма! Ўшанда мен сени нима қилсам қиламан, деб тап тортмай унга таҳдид қила бошлади. Нодирбек ҳам унга қарата: -Ака, мен сизга ҳисоб берайми ё ҳокимга ҳисоб берайми ёки ИИБ бошлиғига ҳисоб берайми? Режани бажараман дедимми, демак, бажараман, деб қатъий жавоб беради. Шу куни кеч соат 19:00да участка нозири А. Бакиев Нодирбекни яна одатдагидек мажлисга чақиради. Йиғилишда туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров фермерларни бирма бир сўроқ қилаётганда у ерга туман ҳокими кириб келади ва унга: -Сенлар яна ҳали буғдойи ўрилмаган фермерларни чақиришибсан. Уларни ўз ҳолига қўйишгин энди, дея Нодирбекка юзланиб: -Ука, режа нима бўлади? – деб сўрабди. Нодирбек унга: -Буғдойпояга комбайинлар тушсаёқ, албатта, режани бажараман, деб жавоб берибди. Шунда ҳоким унга: -Режани бажаришга кўзинг етибдими, демак, сен уйинга боравер, деб уни йиғилишдан чиқариб юборибди.

Эртасига ўша маъшум қотиллик юз берган 02. 07. 2015 йил куни соат 07:00да мен ўғлим тунаб қолган фермер хўжалик даласига бордим. У менга кеча бўлиб ўтган йиғилишдаги гапларни айтиб берди ва ўзи бугун комбайинлар буғдой ўримига тушиши кераклигини менга айтиб комбайин топиши кераклигини билдирди. Орадан 40-45 дақиқалар ўтиб қўшни фермер Музаффар келиб Нодирбекка: -Соат 9:00да туман дон қабул қилиш корхонасида режани бажарган-бажармаган фермерларнинг барчаси йиғилишга бориши керак экан, деб Нодирбек била бирга ўша ёққа жўнаб кетишди. Йиғилишга боришса туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров Нодирбекка қараб: -Буғдойингни ўргани комбайин кетди. Ўримни тезлаштириб буғдойни топшир, деб уни йиғилишдан чиқариб юборибди. Соат 13:00да комбайинлар даламизга келди. Ўрим бошланганда 2-комбайин ҳайдовчиси қўшни фермер Музаффар билан бирга кетди. Ўғлим Нодирбек номаълум телефондан ўша 2-комбайинчига қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўраган. Ўзининг телефони уйда қолиб кетган экан. Комбайинчи унга буғдой ўрилаётганлигини айтган. Нодирбек бу гапга ишонмаган. Шунда комбайинчи телефонни Музаффарга беради. Музаффар Нодирбекдан қаерда эканлигини сўраганда у ўзини туман маркази Пойтуғ шаҳрида эканлигини айтади. Нодирбек Музаффарга: -Мен заказзернода бўламан. Юк хат ҳам, печать ҳам менда. Буғдойни бемалол юбораверинглар, деб айтади. Худди шу пайт менинг олдимга участка нозирлари А. Бакиев ва Ҳусниддинлар келиб мендан Нодирбекни сўрашди. А. Бакиев менга: -Бугун режа бажарилиши керак. Чунки ИИБ бошлиғи С. Асқаров Нодирбекка кечқурунги йиғилишда: -Агар эртага режани бажармасанг, кўтсан, деди, деб айтди. Қаранг, давлатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов маънавиятли-маърифатли инсонларни жамиятда кўпайтириш дардида юрса-ю, ИИБ бошлиғидан тортиб унинг нозиригача йиғилишда бечора деҳқонларни оғзига келган сўз билан сўкиб, ҳақоратлаб дўппослаб уларга зўравонлик қилишдан ўзга нарсани билмаса, бу қанақаси ўзи: -Мутасаддилар билиб қўйсинлар. Маънавиятнинг бош ҳимоячиси Республика Президенти бўлади. Мен Президент сифатида одамларнинг маънавий тарбияси, тинчлик ва хайрли ишлар мақсадида ҳаракат қилаётган ҳар бир кишини қўллаб-қувватлайман ва мен у билан ҳамкорлик қиламан. (Ислом Каримов).

Шунингдек, участка нозири А. Бакиев менга яна: -Бугун ҳаёт-мамот жанги бўлади, деб ҳам қўшиб қўйди. Худди шундай бўлди ҳам, ўғлим ҳаётмас, аксинча мамот бўлди: Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидиек: -Афсуски, Конституциямизда ўз ечимини ва қарорини топган муҳим талаб – инсон ҳуқуқининг давлат ҳуқуқидан устиворлиги тамойили амалдаги қонунчилигимизда, давлат ва ҳуқуқий-маъмурий идоралар фаолиятида ўз тасдиғини ва ижросини тўлиқ топмаяпти. (Фахриддин Муҳитдинов. Судларда тортишув тамойили. «Мулоқот» журнали. Тошкент. 2002 йил. № 5 – сон. 30, 31 - бетлар).

Биринчи юк машинаси буғдойга тўлгач кичик ўғлим Носиржон ўша машина билан заказзернога жўнаб кетди. Бироқ Носиржон заказзерно (дон қабул қилиш корхонаси)да акаси Нодирбекни топа олмаган. Мен Носиржонга: -Яқин ўртадаги дўконларни бир қара, у ерда бўлмаса, қишлоқ хўжалик бошқармаси (Агропром)нинг биносига кириб кўр, дедим. Носиржон бошқармага кирса у ернинг ходими Раҳматилло бор экан. Раҳматилло ҳам Нодирбекни кўрмаганлигини Носиржонга айтибди. Хуллас, Носиржон у ердан чиқиб менга акаси Нодирбекни топа олмаётганлигини маълум қилади. Мен унга донни топшириб қайтаверишини айтдим. Кейинги машинада ўзим буғдойни олиб бордим. Пойтуғ шаҳрининг марказига борганимда Агропром биноси олдида одам жуда гавжум эканлигини кўрдим. Бироқ мен уларга кўп ҳам эътибор бермай ўтиб кетибман.

Дон қабул қилиш корхонасига кириб борганимда менга туман ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси Д. Усмонов қўнғироқ қилиб қаердалигимни сўради ва мени ташқарига чиқишимни сўради. Ташқарига чиқиб терговчи Д. Усмонов билан кўришдим. У мендан охирги марта Нодирбекни қачон ва қаерда кўрганлигимни сўради. Мен унга Нодирбекни эрталаб кўрганлигимни айтдим. Соат 9:00да эса Нодирбекни заказзернога кетганлигини ҳам маълум қилдим. Шунда терговчи Д. Усмонов мени: -ИИБ идорасига юринг, деди. Биз ИИБ идорасига кирдик. Ана шундан кейингина терговчи Д. Усмонов менга: -Ака, бу ёғи бандачилик экан. Нодирбек Агропромнинг хожатхонасида ўзини осиб қўйиб вафот этибди, деди. Мен ундан: -Ўғлим ҳозир қаерда? – деб сўрасам, у менга: -Уни тиб-экспертизага олиб кетишди, деб жавоб берди. Ўша куни ўғлимни олиб келиб эртасига 03. 07. 2015 йил куни дафн этдик. Дафн маросимида марҳумга жаназа ўқиш ҳам бир муаммо бўлди. Зеро, Избоскан туман бош имом ноиби Саримсоқов Абдусамад ва мингбоши Долимчаев Мирзажонлар марҳумни ўз жонига қасд қилган деб эълон қилишиб унга жаноза намози ўқишдан ҳам бош тортдилар. Майли юртда илмли одамлар кўп, бири бўлмаса, бири уни ўқиди. Лекин менга алам қиладиган яна бир жойи ўғлимни ўлдирган жиноятчилар уни охирги йўлга кузатишда ҳам домла-имомларни қўрқитиб жаноза ўқишга ҳалақит берганлари бўлди-да: -Яна бир ўз ечимини кутаётган муаммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг барчасига тааллуқлидир. У ҳам бўлса, ушбу касбни танлаган айрим ходимларнинг махсус хизмат либосини кийиши билан бирданига юриш-туриши, хулқ-атвори ўзгариб қолади. Уларнинг онгида «Биз – давлатнинг ўта ишончли одамларимиз, қолганлар эса биз назорат қилиб туришимиз лозим бўлган омма, холос» деган кайфият пайдо бўлади. Бу, ахир, ўтмишга, шўролар даврига хос бўлган ахлоқий тубанлик асорати эмасми? Оддий одамларда ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан гоҳида ишончсизлик туғилишининг сабаби ҳам шунда эмасми?!

Аксарият ҳолларда жамоатчилик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида девор пайдо бўлиши ҳам ана шундай манманлик, ўзгаларни менсимаслик туфайли келиб чиқади. Давлат муассасалари бир ҳақиқатни қулоғига қуйиб олсинки, улар ҳам мана шу халқнинг бир қисми, ҳеч кимдан, оддий одамлардан ортиқ жойи йўқ. Уларни шу халқ, шу жамият тарбиялаб вояга етказган. (Ислом Каримов. Яшаш ҳуқуқи ва шахс дахлсизлиги кафолати. Тошкент – 2008. 55-56-бетлар).

Жиноят юз берган жой хожатхонада дор тикилиб ўғлим ўша арқонга осилган. Қизиғи шундаки, хожатхонанинг шифти жуда баланд бўлиб у ерга дор тикиш учун биринчидан оёқ остига қўйиладиган камида бир табуретка лозим. Иккинчидан, менинг ўғлим Нодирбек елкасидан жарроҳлик амалиётини ўтказиши натижасида бир қўли бошига етмайдиган даражага тушиб қолган эди. Демак, бу ўлим ўз жонига қасд қилишлик эмас, аксинча, режали қотиллик сирасига киради.

Хуллас, мана ўғлим Нодирбекнинг вафотига етти ой бўлса-да, уч ой (90 кун)да тергов тугаши керак бўлган жараён ҳануз давом этмоқда. Гўёки бу ишнинг охири йўқдек. Юқоридаги воқеалар тафсилотига кўра мен ўғлимнинг ўлимида бевосита Агропром бошлиғи Қирғизов Нўъмонжон, туман ИИБ бошлиғи С. Асқаров ва участка нозири А. Бакиевларни ҳамда билвосита Избоскан туман ҳокими Абдуллаев Улуғбекни ҳам айбдор деб биламан. Сабаби туман ҳокими Ички ишлар ходимларининг фермерларга нисбатан зўравонлик қилаётганлигини кўра-била туриб уларга қарши ҳимоя чораларини кўрмаган ҳамда лоқайдлик қилган.
Демак, Ўзбекистон деган давлатда ҳарбий диктатура ҳукмронликни ўз қўлига олган. Чунки ички ишлар вакиллари ҳам қуролли ҳарбий тизим таркибига кирадиган ташкилот ҳисобланади. Улар ўзларига берилган ва берилмаган ваколатлари ҳисобига жамиятнинг барча қатламларига ўз зўравонликларини намоён қилмоқда. Буларга қарши тура оладиган куч Ўзбекистон Республикасида энди йўқ, шекилли. Чунки мен бу борада то Президентимизнинг номигача арз-дод қилдим, бироқ ҳеч қандай натижа йўқ: «Ҳар қайси инсон Конституция ва қонунларга ҳурмат билан қарагандагина бошқалардан – давлатдан, давлат идораларидан, қонунни муҳофаза қиладиган, унинг ижроси учун масъул бўлган ходимлардан ҳам қонунни сўзсиз бажаришни талаб қилишга ҳаққи бор. Ана шундагина бутун жамият тафаккурида қонунга ҳурмат ва итоат билан қараш ҳукмрон бўлади. Жамиятимизда Конституция ва қонунларга мана шундай муносабат – ҳурмат ва итоат билан қарашни тарбиялашда кўп нарса, аввало, давлат идораси – суд ва прокуратура бўладими ёки милиция ва адлия органлари бўладими – мана шу идораларда ишлайдиган хизматчиларга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз даркор. Ҳеч шубҳасиз, айнан мана шу идоралар ва уларнинг ходимлари қонунга қандай муносабатда бўлаётганига қараб, барча фуқаролар қонунни ҳурмат қилиш, унга итоат этиш масаласини ўзи учун белгилаб олади». (Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т.10. – Т.: «Ўзбекистон», 2002. – 28 – 51-б).

Шунингдек, мен 2015 йилнинг декабрь ойида Андижон вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган айнан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шахсан қатнашган йиғилишда сўз олиб минбардан туриб бўлиб ўтган воқеани қатнашчиларга, хусусан, ҳокимнинг ўзига ҳам мурожаат қилдим. Шундан сўнг мени Избоскан туман ҳокими Абдуллаев Улуғбек ўз ҳузурига чақириб: -Нўъмонжон ака, энди ўзингиздан қолар гап йўқ. Ўғлингизнинг ўлими сабаб ёзган аризангизни тегишли идоралардан қайтариб олсангиз. Чунки энди барибир ўғлингиз тирилиб қайтиб келмайди. Келинг, аризангизни қайтиб олсангиз, мен сизга сўз бераман, ўша уч набирангизга учта чек нақд, деб мени сотиб олмоқчи бўлди. Лекин мен унинг аврашларига кўнмадим. Чунки бир қўй ҳаром ўлса ҳам уни нега ўлганлиги ойдинлаштирилиб айбдорлар ўз жазосини олади. Менинг ўғлимни эса раҳбарлар наздида битта қўйчалик ҳам қиммати йўқ экан. Демак, Ўзбекистондек юртда инсон зоти, айниқса, оддий фуқаро ҳор бўлганлигининг очиқ нишонаси бу: -Бу муқаддас ватанда азиздир инсон. (маҳалла ҳудудларида илиб қўйилган шиордан). Қаранг, ҳозирги кунда бир фуқаро томарқа-чек олиши учун аукционга қатнашиши керак, акс ҳолда унга текинга уй-жой қуриш учун ер берилмайди. Туман ҳокими У. Абдуллаев эса осонгина учта чек – давлатнинг ерини бепул, арзонгарров хун сифатида тортиқ қилиб юбормоқда. Демак, бу раҳбарларга бир одамни ўлдириш ҳам, давлатнинг ерини ҳазилакимга талон тарож қилиш ҳам чўт эмас экан. Уларга худонинг ўзи бас келмаса, бандаси бекор!

Хуллас калом, мен Избоскан туман ҳокими Абдуллаев Улуғбекнинг юқоридаги каби гапларидан кейин билдимки, бу жиноятнинг ортида уюшган қора кучлар ўзининг навбатдаги қурбонини кутиб турганини тушиниб етдим. Шунинг учун мен нажотни бошқа ёқлардан излашга мажбурман... .

Андижон вилояти Избоскан тумани «Эркин» ҚФЙ «Қўғай» МФЙда Соҳибкор кўчасида яшовчи фуқаро Ҳайдаров Нўъмонжон Ҳасанович
Тел: +99890-210-44-86.
11. 01. 2016 йил