09 January 2016
18:26 - Ўзбекистонлик пенсия олиши учун камида 7 йил ишлаши керак

Парламентнинг матбуот хизматига кўра, Ўзбекистонда пенсия тайинлаш учун талаб қилинадиган минимал иш стажи 5 йилдан 7 йилга узайтирилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш ҳақидаги масала кўриб чиқилган. Пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаганлар учун минимал стажни босқичма-босқич юқорига кўтариш кутилмоқда.

Жумладан, жорий йилда 7 йилга кўтарилса, 2017 йилдан 9 йил ва 2018 йилдан 10 йилга кўтариш режаланган. Ўзбекистонда эркаклар тўла пенсия олиши учун 25 йил, аёллар учун 20 йиллик иш стажи етарли ҳисобланади. Етарли иш стажига эга бўлмаган ва минимал стаж билан қарилик пенсиясига чиққанларнинг нафақа пули энг кам иш ҳақининг бир баравари, яъни 20 АҚШ долларига тенгдир.