07 January 2016
20:25 - Жаҳон Банки Ўзбекистон иқтисодиётининг юксалишини башорат қилиб, масхарабозга айланмоқда
Жаҳон Банки 2016 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ошади, деб тахмин қилибди. “Глобал иқтисодий истиқболлар” номли ҳисоботдан ўрин олган бундай илиқ сўзлар деярли барча маҳаллий нашрларда чоп қилинди. Кеча эълон қилинган мазкур ҳисоботга кўра, бу йил ўтган йилгига қараганда кўрсаткичлар анча яхши бўлади.

Ҳамма биладики, Президент Ислом Карим Жаҳон Банкидан ҳам 5 кун аввал, яъни ўзининг Янги йил байрами табригида 2016 йилда Ўзбекистон иқтисоди 7,8 фоизга ўсишини айтганди.

Ислом Каримнинг кетидан кетаётган Жаҳон Банкининг масхарабозлиги, биринчидан, шундан иборатки, 20015 йилда Ўзбекистонда иқтисод 8,1 фоизга ортгани айтилганди. Демак, бу йил ишларимиз бироз чатоқ бўлар экан, чунки, Ислом Карим бу йил бўладиган 7,8 фоизлик, Жаҳон Банки эса 7,5 фоизлик ошиш ҳақида гапирмоқда.

Иккинчидан, ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон ривожланган давлатлардан 20-40 баравар, ҳатто қўшнимиз Қозоғистондан 8 баравар, яъни 800 фоиз орқада. Шундай экан, иқтисодда қандайдир 7-8 фоиз эмас, инқилобий ўзгаришлар қилинмаса, Ўзбекистон қолоқликдан ҳеч қачон чиқолмайди. Ҳозирги ўсиш билан мақтаниш эса, 1 сўми бор гадой яна бир сўм топиб, бойлиги 2 баравар ошгани билан мақтанишга ўхшаш нарсадир.