31 December 2015
07:17 - Янги йил арафасида Туркия икки хавф қаршисида: Қор ва террористлар
Кеча бутун Туркияда яхшигина қор ёғди. Сув, ҳаво ва ердаги йўлларда муаммолар чиқди. Ўнлаб вилоятларда бугун мактаблар очилмайди, қишлоқларда ва тоғли жойларида йўллар бекилди. Истанбулда ҳамма таълим муассаларига бугунга бекилди, эртага табиий, шундоғам байрам, ундан кейин нима бўлиши номаълум.

Арманистон билан чегарадош Ағри вилоятида совуқ -10 даража бўлар экан. Эрта-индин ҳам Қора денгиз соҳилидаги вилоятларда ва Туркиянинг шарқий қисмида кўп қор ёғиши кутилмоқда.

Аммо, Туркиянинг бошқа хавфлар ҳам кутаётгани оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказилмоқда. Мамлакатнинг хавфсизлик органлари террористик ҳужумлар тайёрлаётган ИШИДли икки террорист қўлга олингани, аммо яна бошқалари бўлиши мумкинлигини айтиб, ҳаммани шу кунларда ўта огоҳ бўлишга чақирмоқдалар. Террористлар савдо марказлари, черковлар ва бошқа оммавий жойларни нишонга олишлари айтилмоқда.

Расмдаги икки террорист – ўша қўлга олинганлардир. Уларнинг ёнида қўлда қилинган 7-8 килоли портлагичлар ҳам топилган. Қўлга олинган террористлардан бирининг икки қариндоши Сурияга бориб, ИШИДга қўшилган ва ўша ерда ҳалок бўлган экан. Буниси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмасдан ўлимга кетмоқчи ва қариндошлари учун ўч олмоқчи экан.