30 December 2015
19:04 - АҚШ элчиси юртдошларимизни Янги йил билан табриклади
Бугун АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Памела Спратлен ўзбекистонликларни Янги йил байрами билан қутлади. Таҳририятимиз хатқутисига келган табрик матнида шундай дейилади:

"Азиз дўстлар, 2015 йил поёнига етар экан, барчангизга миннатдорлик изҳор этаман ва энг яхши тилакларимни йўллайман. Ишониш қийин, 19 январда келган бўлсам, мана қарийб бир йил вақт ўтибди. АҚШ элчихонаси жамоаси ва камина мамлакат бўйлаб сафарларда илиқ кутиб олишганига гувоҳ бўлдик. Бу йил Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар янада мустаҳкамланган ажойиб йил бўлди.

Жорий йилда, Ҳукумат ва Ўзбекистон халқи билан ҳамкорликда ишлар эканмиз, биз кўп қиррали муносабатларимизга алоқадор барча соҳаларда муваффақиятга эришдик. Давлат котиби Жон Керрининг Самарқандга ташрифи 2015 йилдаги энг муҳим воқеа бўлди. У ерда давлат котиби Президент Каримов билан учрашди ҳамда Марказий Осиёдаги барча беш мамлакат ташқи ишлар вазирларининг биринчи С5+1 учрашувини бошқарди. Янги йилда биз ана шундай мустаҳкам муносабатларимизни янада кенгайтиришни мақсад қиламиз. Америка Қўшма Штатлари халқи ҳамда Тошкентда жойлашган АҚШ элчихонасидаги ҳамкасбларим ва уларнинг оилалари номидан Ўзбекистон халқига янги йил муносабати билан энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Сиз ва оилангизга соғлик, тинчлик, фаровонлик ва бахт-саодат тилайман. Янги йилингиз муборак бўлсин”.