24 December 2015
14:04 - Россия ва Украина бир-бирларига қарши санкциялар киритдилар
Санкция киритишни Россия бошлади. 2 кун аввал Россия Бош вазири Дсмитрий Медведев 2016 йил 1 январдан бошлаб Украинага қарши божхона тўловлари жорий этиш ва озиқ-овқат эмбаргоси киритиш ҳақида қарорни имзолаган эди. Медведев бу ҳақда баёнот берар экан, божхона тўловлари жорий этишни Украина Европа Иттифоқининг Эркин Савдо Зонасига кириши билан изоҳлади, озоқ-овқат эмбаргосини эса,Украина Россияга қарши Ғарб тарафидан киритилган санкцияларни қўллаб-қувватлашига жавоб деб оқлашга ҳаракат қилди.

Бугун Украинанинг 450 кишилик парламенти Олий Рада 291 овоз билан ўз ҳукуматига Россия санкцияларига жавобон санкциялар киритиш ҳаққи берди. Бош вазир Арсений Яценюк бундай қилишга тайёр эканликларини айтар экан, сўнги 3 йил ичида Украинанинг Россия бозорига боғлиқлиги 3 баравар камайганини урғулади. Демак, санкциялар киритилса, Украина билан Россиянинг савдо алоқалари яна ҳам заифлашади, Украинанинг европалашиши тезлашади.

Шундай экан, Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган сиёсати “қош қўяман деб кўз чиқаришга” ўхшаб кетмоқда.