22 December 2015
21:37 - “Сурхонозиқовқатсаноати”нинг 10 дан ортиқ мулозими ҳибсга олинди
Сурхондарё вилоятидаги “Сурхонозиқовқатсаноати” акциядорлик жамияти (собиқ Денов ёғ-экстрация заводи) директори Комил Эргашев ва жамиятнинг яна 10 нафар мулозими Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Сурхондарё вилояти бошқармаси тезкор вакиллари томонидан ҳибсга олинган. Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Денов ёғ-экстрация заводининг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг талон-тарожлик, солиқлардан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ҳамда жиноий уюшма тузиш сингари талаблари асосида терговолди суриштирув жараёнлари бормоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, заводда 1000 тоннага яқин омухта ем, ёғ ва кир совун хамашёси камомади мавжуд. Тинтувлар даврида Эргашевнинг хонадонидан йирик миқдорда хориж валютаси ва бошқа қимматли ашёлар топилган.

Денов ёғ-экстракция заводи 1963 йилга қурилган қурилган бўлиб, турдош корхоналар орасида энг йирик муассасалардан бири ҳисобланади. Завод 1995 йилнинг 4 сентябрида “Сурхонозиқовқатсаноати” очик акциядорлик жамиятига айлантирилган. Заводда 585 нафар ишчи ходим бўлиб, у сутка давомида 800 тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Мазкур заводда ёғ, омухта ем ва кир совуни сингари хўжалик моллари ишлаб чиқарилади.