22 December 2015
21:00 - Кун латифаси: Ўзбекистонда ишсизлик даражаси атиги 5 фоиз экан
Ўтаётган йилнинг тўққиз ойлик якунларига кўра, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси ўртача 5,1 фоизни ташкил этганмиш. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотини барча маҳаллий матбуот нашрлари чоп этган. Ислом Карим бошчилигидаги улкан ислоҳотлар самараси ва меҳнат бозорида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ишсизликнинг асосий кўрсаткичлари, яъни ишчи кучларга бўлган талаб ва таклиф барқарорлашганмиш.

2015 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, умумий 18,2 миллион меҳнат ресурслари сонидан аҳолининг иқтисодий фаол қисми 13,7 миллион нафарни ташкил этди. Уларнинг 13,1 миллиони иш билан банд бўлиб, ишсизларнинг миқдори 698,3 минг кишидан иборат экан. Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2015 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра 5,1 фоизни ташкил этганмиш. 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 748,7 минг ишчи яратилган.

Ишга яроқли аҳолининг қарийб 3,5 миллиони Россия ва Қозоғистон ҳудудида эканининг ўзиёқ Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг масхарабозлигини кўрсатади, дейди мухбиримиз.