21 December 2015
20:47 - Биометрик паспортларга ўтишнинг муддати узайтирилди
Мамлакат ҳукуматининг қарорига мувофиқ, яна 10 кундан сўнг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фуқаролик паспортлари, агар улар биометрик маълумотлар киритилмаган бўлса, яроқсиз ҳисобланиши лозим эди. 2011 йилнинг 1 январидан бошланган биометрик паспортларга ўтиш ислоҳоти паспортталаб фуқароларнинг ярмини ҳам қамраб ололмади. Шу боисдан ҳукумат бу муддатни яна ҳам узайтирди. Маълум бўлишича, биометрик паспортга ўтиш муддати 2018 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилган, аммо бу гап ҳали расмий эмас.

Ўзбекистон ИИВ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси вакили Gazeta.uz деган сайтга яқин кунда муддат узайтирилиши расман эълон қилинишини айтибди. “Жорий йил охирига қадар паспортини ўзгартиришга улгурмаган фуқаролардан ҳеч қандай жарималар ундирилмайди”, - дебди мулозим.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистонда биометрик маълумотларга эга паспортларга ўтиш жараёни 2011 йил 1 январидан бошланган бўлиб, у 2015 йил охирида якунланиши кутилаётган эди. 2014 йил 1 июлидан эса Ўзбекистон фуқаролари чет элга чиқиши учун уларда биометрик паспорт бўлиши талаб қилинган.