17 December 2015
00:48 - АҚШ Марказий Банки қарзга берадиган пулдан олинадиган фойданинг фоизи номигагина кўпайтирди
Банклар қарзга берадиган пулдан оладиган фойданинг фоизи расмий тилда "асосий фоиз ставкаси" деб аталади. Асосий фоиз ставкасининг баландлиги мамлакат иқтисодиёти яхши эканлигининг кўрсатгичидир. Чунки, иқтисодиётда ишлар яхши бўлса, одамлар ёки ширкатлар катта фоиз тўланишига қарамасдан қарзга пул олиб, ёки янги бизнесс бошлайдилар, ёки бор бизнессларини ривожлантириш билан шуғулланадилар.

2008 йилда дунёда бошланган иқтисодий кризисдан кейин АҚШда Марказий Банк ролини ўйнайдиган Федерал Резерв асосий фоиз ставкасини энг паст даражага, аниқроғи 0-0,25 фоизга тушириб қўйганди. Сўнги 1-2 йил, айниқса сўнги ойларда АҚШ иқтисодиёти кризисдан чиққани кўриниб турса ҳам, Федерал Резерв асосий фоиз ставкасини орттирмаётгани ҳамманинг диққат марказида турарди. Айнан шу сабабли Нью-Йорк фондлар биржасида барқарорлик йўқлиги ҳақида "Ҳаракат" ҳам кўп марта ёзган эди.

Ниҳоят кеча, Тошкент вақти билан ярим кечага яқин Федерал Резерв асосий фоиз ставкасини 0,37 фоизга, аниқроғи 0,25-0,5 фоизга чиқарганини эълон қилди. Аммо, ортиш шунчалик кичкинаки, Федерал Резерв АҚШ иқтисодиётидаги ўсишнинг барқарорлигига ишонмаётганга ўхшайди.

Федерал Резервнинг қароридан кейин Нью-Йорк фондлар биржасида бўлиши кутилаётган юқорига сакраш ҳам кўринмади. Кеча бўлгани каби Dow Jones индекси ортиб бормоқда, аммо буни сакраш деб бўлмайди.