16 December 2015
18:35 - Украинада Аваков-Саакашвили жанжали оловланишни давом эттирмоқда, ўзбекларга нима?

Аввалги хабаримиздан маълумки, Украинадаги Ислоҳотлар Миллий Радаси (Кенгаши) номли ташкилотнинг 14 декабрдаги йиғилиши пайтида Ички ишлар вазири Арсен Аваков Одесса вилоятининг губернатори, собиқ Гуржистон Президенти Михаил Саакашвили билан жанжал чиқарди. У Саакашвилидан коррупция ботқоғида қолган Одесса порти қошидаги қандайдир заводни хусусийлаштириш масаласи бўйича нима учун россяилик олигарх, Уралхимнинг эгаси билан гаплашганини сўрганда, Саакашвили бу саволдан ғазабга келиб, Авваковга "сен коррупционер, ўғрисан, мен ҳалол одамман" дейишгача боргач, Аваков унинг юзига қўлидаги стакандаги сувни сепиб юборган.

Йиғилиш Украина Президенти, Бош вазири, парламент раҳбарлари иштирокида бўлганди ва бунга эътибор бермаслик мумкин эмасди. Порошенко баёнот тарқатиб, Аваковни ксенофобияда айблади. Аваков эса, ўша жанжал ёзиб олган видеони ўз вазирлигининг расмий сайтида эълон қилди, унга ўзининг таҳлилини илова қилиб, ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Табиий, дарҳол оммавий ахборот воситалари ўша видео ва таҳлилни ўз саҳифаларига кўчириб тарқатдилар.

Жуда хунук воқеа бўлган. Саакашвили ҳам ангча қўпол сўзлар гапирган, аммо Аваков сўкинишга тушгани ҳеч қандай қолипга сиғмайди.

Украина ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий маънода оғир аҳволда экан, бундай жанжалнинг ўртага чиқиши жуда ёмон бўлган, дейди мухбиримиз. Аммо, ким билсин, балки, бугун бундай жанжалларсиз, яъни ички совуқ урушларсиз яшаб бўлмас, ҳеч нарсага эришиб бўлмас. Бундан ҳам муҳим бўлгани, ҳамма нарса ҳақиқий урушга, фуқаролар урушига айланиб кетмайдими? Манфаатлар қарама-қаршилиги айнан шунга олиб келиши мумкин.

Ҳар қандай жамиятда ички муаммолар бор. Аммо уларни ўз вақтида ечиб борилмаса, муаммолар кўпайиб бораверса, ахир бир кун портлаш бўлади. Украина шундай бўлмоқда, Ўзбекистонда айнан шундай бўлиши муқаррарга ўхшайди.

Расмда - орқароқда турган Аваков, олдинда Саакашвили.