14 December 2015
15:15 - Рус демократлари "Демократик коалиция"да бирлашиб, янги "қайта қуриш" бошлашди, номи - "Ўзгаришлар тўлқини". Абдураҳим Пўлат нима дейди?

2016 йилда бўладиган парламент сайловлари олдидан Россия демократлари бирлашиш йўлида навбатдаги қадамни қилдилар ва 11 декабрь куни "Демократик коалиция" Форуми номли йиғилиш ўтказдилар.

Россия демократларининг ҳозирги аҳволини билиш ва тушуниш учун уларнинг энг камида сўнги йилларга оид тарихини билиш керак. Тарих эса қуйидагича.

Аввалдан парча-парча бўлган Россия демократларининг катта бир қисми 2010 йилнинг декабрь ойида қурултой ўтказиб, Халқ Эркинлиги Партияси (Партия Народной Свободы – ПАРНАС) номи остида бирлашган эдилар. Унга 4 раисдош сайланди – собиқ Бош вазир Михаил Касьянов, Россия Давлат Думасининг собиқ вице-спикери Борис Немцов, Россия Республика Партиясининг раиси Николай Рижков ва бор-йўғи бир неча йиллик сиёсий умрини турли-туман ташкилотчалар тузиш билан ўтказган Владимир Милов.

Аммо, Путиннинг режими турли баҳоналар билан, аслида, қўрққанидан - бу партияни рўйхатга олмади. Шунда рус демократлари тўғри иш қилдилар ва Европа Инсон Ҳуқуқлари Судининг қарори билан регистрацияси қайтадан тикланган кичгинагина Россия Республика Партияси (Республикансакая Партия России – РПР) билан расмиятчилик учунгина бирлашиб, ПАРНАСнинг отини РПР-ПАРНАС деб ўзгартирдилар ва расмий ташкилотга айландилар.

Бироқ бу партия ҳам тезда парчаланиш касаллигага чалинди. Аввал Владимир Милов, кейин Николай Рижков (РПРнинг собиқ раиси) қандайдир жиддий бўлмаган сабаблар кўрсатиб, партияни тарк этдилар. Секин-аста партиянинг ҳам, лидерларинин ҳам кучи қолмади. Айнан шу сабабли, 2013 йилда ўтказилган Москва мэри сайловларида бу партия номзод сифатида антикорупционерлик фаолияти билан машҳур бўлган Алексей Навальнийни кўрсатди.

2015 йил 27 февралда эса Борис Немцов Москва марказида, Кремлнинг биқинда отиб ўлдирилди. Шундан кейин, аниқроғи, 2015 йил 5 июлда Москвада РПР-ПАРНАС муддатидан аввалроқ навбатдаги қурултойини ўтказди. Михаил Касьянов ягона раис этиб сайланди, партия ўз номини яна ПАРНАСга айлантирди. Келажак вазифалари белгиланди. Табиий, асосий вазифалар - жиддий иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар.

Михаил Касьянов матбуот конференциясида партияга келажакда Алексей Навальний ва Михаил Ходорковскийлар қўшилиши ва раисдош бўлишига умид билдирди. Аммо, улар қўшилмадилар.

Мана энди Россия демократлари "Демократик коалиция"га бирлашибдилар. Агар бу коалицияга кирган ташкилотлар, масалан, Алексей Навальний ва яна пайдо бўлган Владимир Миловнинг партиялари шаклланган ташкилотлар бўлса эди, уларнинг бу коалицияга қўшилишини жиддий воқеа сифатида қабул қилса бўларди. Аммо, реаллик ундай эмас.

Хуллас, 11 декабрда яратилган "Демократик коалиция" Путиннинг режимида ўзгаришлар қилиш ниятини кўрсатиб бўлса керак, "Ўзгаришлар тўлқини" (Волна перемен) шиорини кўтарди. Коалициянинг сайловолди кампанияси ҳам айнан шу шиор остида ўтказилса керак. Бу шиор Михаил Горбачевнинг "қайта қуриш" (перестройка) сиёсатига тақлид эканлиги ҳам шубҳасиз.

Дарвоқе, бу коалициянинг номзодлар рўйхати бошида Михаил Касьянов туриши ҳақида келишилгани ҳам ижобий нарсадир.

"Демократик коалиция" тузилиши, ҳеч шубҳасиз, ижобий воқеа, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат. Аммо, менинг бу каби нарсаларга муносабатимда ўзгариш бўлгани йўқ. Гап шундаки, Россия демократлари ичида, масалан, Ўзбекистон, Озорбайжон, Белорусияда каби, бирлик-баробарлик йўқ. Чексиз амбицияларининг орқасида ҳеч қандай сиёсий ва шахсий кучи бўлмаган псевдолидерлар биринчи имкон пайдо бўлиши билан ўз ташкилотларини қуришга ҳаракат қиладилар. Аммо, минг афсуски, бу мамлакатларнинг фуқаровий жамиятлари яхши ривожланмагани сабабли, улар бундай псевдолидерларга тепки кўрсатиш кучига эга эмаслар.

Лидерликка даво қилаётганлар жамиятдан тепки бўлишини билсалар эди, ҳар бир қадамларини етти ўлчаб, кейин қўярдилар. Мен шу нарсаларни, бошқалардан фарқли ўлароқ, яхши тушунганим сабабли, Ўзбекистонда турли ташкилотЧАлар қураётганларни шармандасини чиқариб, сиёсий майдондан йўқ қилиб бормоқдаман. Улардан биронтаси менинг биронта принципиал камчилик ёки хатоимни кўрсатиб, ўзи биронта, қайтариб айтаман, биронта янги фикр билдира олсин, дарҳол унинг лидерлигини тан олиб ёки унинг байроғи остига ўтаман, ёки сиёсатни ташлаб кетаман.

Алексей Навальний ҳам жиддийроқ сиёсатчликка ўтиши керак. У ҳозирча содда одамларга ёқадиган иш билан, яъни коррупцияга қарши кураш билан овора. Демократия йўлидаги жиддий сиёсий ўзгаришларсиз коррупцияни на камайтириб на йўқотиб бўлмайди. Демак, Алексей Навальний қанча тезроқ ҳақиқий сиёсатчига айланса, Россия учун шунча яхши бўлади. Унутмайликки, популист бўлиш осон, аммо, сиёсатчи бўлиш осон эмас.