11 December 2015
15:38 - Ҳиндистон мусулмонлари ва уламолари икки юзламачилик билан терроризмни қоралашибди, икки юзламачиликдан қутилиш учун Ислом дини дунёвийлик принципини қабул қилиши шарт
Бу мамлакатда инглиз тилида чиқадиган The Times of India газетаси ёзишича, исломда янги оқим яратган маҳаллий Мужоҳид Имом Аҳмад Ризохон Қадрийнинг ўлимини 79 йиллиги бағишланган маросимда қатнашиш учун Урсдаги масжид атрофида тўпланган 70 минг Ислом уламоси ҳамма террористик ташкилотларни, жумладан, ИШИД Ал-Қоида ва Толибонни исломий эмас, уларнинг аъзолари мусулмон эмас деб фатво беришибди. Бу маросимда қатнашиш учун келган 1,5 одам бу фатвони имзолаган ҳам эмиш.

Шу масжиднинг имоми Муҳаммад Эҳсон Разза Хон Қуръондан "Ҳар бир айбсиз одамни ўлдириш бутун одамзодни ўлдиришдир" деган сўзларни келтириб, террористик гуруҳлар айбсиз одамларни ўлдиришаётганини, демак, Қуръонга қарши иш қилишаётганини урғулабди. Бу масжиддаги имомлик лавозими авлоддан авлодга ўтар экан.

Ҳамма гап, дейди "Ҳаракат" мухбири, биронта мусулмоннинг айбли ёки айбсиз бўлмганини қандай қилиб аниқлашда. Айбсиз одамни жазоламаслик кераклиги ҳамма илоҳий китобларда ёзилган, аммо уларнинг ҳаммасида, Қуръонда ҳам, айбдорларни жазолаш кераклиги, ҳатто шартлиги айтилган. Масалан,. Шариатга кўра, майд-чуйда ўғриларнинг таналаридан баъзи қисмларини кесиб ташлашдан ташқари, бошқа жиддийроқ айбли одамларга нисбатан тошбўрон қилиб ўлдириш жазолари ҳам кўзда тутилган. Жазони шариат суди бериши керак, масалан, ИШИД айнан Шариат судининг қарори билан одамларнинг калласини кесмоқда.

Исломнинг ҳозирги тушунчаларига кўра, Исломни қабул қилмаган ҳар бир одам кофирдир, демак улар жазоланиши керак. Ислом динига кўра, давлат исломий бўлиши керак, демак, бунга қарши чиқаётган ҳар бир одам айбордир ва у жазоланиши керак.Шариатга кўра, ҳар бир мусулмон 3 тагача хотин олишга ҳаққи бор. Бунга рухсат бермаслик айбдир. ИШИД, Толибон ва Ал-Қоида каби террористик ташкилотлар ўзлари айбдор ҳисоблаётганларга шариат суди билан турли жазолар, жумладан, ўлим жазоси бермоқдалар ва жазони худди Шариатда айтилгандек ҳамманинг кўз ўнгида ижро этмоқдалар.

Шу фикрдан келиб чиқсак, ҳақиқий мусулмонлар ИШИД, Ал-Қоида ва Толибон каби ташкилотлардагилар ва уларнинг тарафдоридир, Ҳиндистондаги 70 минг уламо ва уларанинг фатвосини имзолаган 1,5 млн одам эмас.

Демак, мусулмонлар ҳозир боши берк кўчада. Бир томондан, дунёнинг мусулмон бўлмаган ва мусулмонлардан кучли бўлган қисмидан қўрқиб, ёки уларнинг босими остида, баъзи уламолар ИШИД, Ал-Қоида ва Толибонни террористик деб эълон қилмоқдалар, иккинчи тарафдан, айнан Ислом динининг ҳозир қабул қилинган хато тушунчаларидан воз кечмаяптилар. Яъни, икки юзламачилик билан яшамоқдалар. Ҳозир Ислом дунёсида бўлаётган қонли воқеалар, Ислом дунёси жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисми бўлиб қолаётгани, айнан, ўша икки юзламачиликнинг натижасидир.

Хўш, унда нима қилиш керак? Боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли - Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва авваламбор дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишдир. Ана ўшандагина Шариат суди деган нарса бўлмайди, дин давлатнинг ишларига аралашмайди.

Ислоҳотлар доирасида бошқа нарсалар ҳам бўлиши керак. Масалан, Исломнинг ягона фарзи сифатида "имон" тан олиниши, 5 маҳал намоз, рўза, ҳаж ва закот эса, фарзликдан чиқарилиб, бажарилса савоб, аммо бажармаса гуноҳ эмаслиги тан олиниши керак. Чунки, бу 4 амалиётни ҳамма жойда ёки ҳар доим бажариб ҳам бўлмайди, демак, улар принцип ўлароқ фарз бўлолмайди.