11 December 2015
09:33 - "Ҳаракат" яна ҳақ чиқди: АҚШда исломофобия кучаймоқда, Америка-Ислом Муносабатлари Кенгаши офисидагилар эвакуация қилинди. Ислом дини ислоҳотларга муҳтож!
Вашингтон Пост газетаси хабар қилишича, кеча кечқурун Америка-Ислом Муносабатлари Кенгаши (Council on American-Islamic Relations) номли ташкилотнинг пойтахт Вашингтон марказида, Капитолийнинг биқинида жойлашган қароргиоҳидаги ҳамма одамлар бу ерга почта орқали келган конвертда шубҳали кукун топилганидан кейин бинодан ташқарига чиқарилган. Конвертни очган ва унинг атрофида бўлган бир неча киши дарҳол текшириш учун қаергадир олиб кетилган.

АҚШнинг тегишли хизматлари икки соатлик текширувлардан кейин бу кукун зарарли эмаслигини аниқлашган.

Бу ташкилотнинг матбуот котиби Иброҳим Ҳупер кукунли конверт ичида ташкилотга нисбатан душманлик руҳида ёзилган хат ҳам бор эканлигини билдирди. Федерал Терговлар Бюроси у хатни ҳам текшириш учун олиб кетибди.

"Ҳаракат" агентлиги ислом терроризми кенгайиб бораётгани ҳақидаги хабарларга таҳлил берар экан, жаҳоннинг мусулмон бўлмаган қисми бу жараёнларга бепарво қолмаслиги, мусулмонларга нисбатан салбий муносабат кучайишини урғулаган эди. Ҳозир айнан шундай бўлмоқда. АҚШдек давлатнинг президентлигига номзодлардан энг кучлиси мусулмонларни АҚШга миграциясини тақиқлаш кераклигини айтишгача борди. Ҳамма "террор" ва "ислом террори" ифодаларини синонимдек қабул қилишга бошлади.

Жараёнларнинг бу йўналишда кетиши мусулмонларни, авваломбор, Ислом уламоларини ўйлашга ва бу жараёнларнинг янада чуқурлшишини олдини олиш йўлида бир нарсалар қилишга зўрлаши керак. Ислом уламолари Ислом дунёси ичидаги қонли воқеаларни, жумладан, шиа-сунний қарама-қаршилигини ва ислом терроризмини тўхтатиш тарафдори бўлсалар, Ислом дини дунёвийлик-секуляризм прниципини тан олишини қонунлаштириш, бунинг учун керакли фатволар чиқариш устида ишлашлари лозим эди. Истамаётганларининг сабаби - уларнинг ўзлари ҳам исломий давлатлар яратиш ва уларни Халифаликка бирлаштириш орзусида яшашаётгани эмасмикан?

Ҳа, Ислом дини оддий эмас, инқилобий ислоҳотларга муҳтож. Аслида, ҳозир бўлаётган қонли воқеаларни ўша инқилобнинг босқичларидан бири деса ҳам бўлади. Ҳали яна ҳам кўп мусулмонларнинг қони оқади. Ислом уламоларининг ақли ишласа, улар мусулмонларнинг қонини оқтирмасликни, қолаверса, Ислом дунёсининг келажагини ўйласалар эди, ўша инқилобий исллоҳотларни тинч йўллар билан тезлаштиришга ҳаракат қилган бўлардилар. Уларнинг жим туришлари, ислом терроризмини номигагина қоралаш билан чекланишлари - дин олдидаги жиноятларидир. Жавоб бериш вақти ҳам келади.

Эслатиб ўтиш керакки, Вашингтон Таймс газетасида ҳам мақоллар чиқариб турадиган Даниэл Пайпес (Daniel Pipes) исмли блоггер 2009 йили ўз сайтида эълон қилган мақоласида Америка-Ислоом Муносабатлари Кенгаши ваҳобийлрники бўлиб, у тўғридан-тўғри исломий террорист гуруҳлар билан алоқадар эканлигини иддао қилган экан.