07 December 2015
21:21 - Сенсация: Ислом Карим дунёда ягона эмас, Далай-лама ҳам ИШИД билан диалог қилишга чақирди

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Ислом Карим тўғри келган жойда Афғонистон муаммосини ҳарбий эмас, тинч сиёсий йўллар билан диалог воситасида ҳал этиш кераклигини тўти қушдек такрорлар, аммо "Ҳаракат" мухбирларидан бошқа ҳеч ким унга эътибор ҳам бермасди. Бизнинг мухбирларимизнинг эътибори эса, Ислом Каримнинг оддий эмас, масхарабоз тўти қушлигини урғулаш бўларди. Чунки, аслида, Афғонистон муаммаоларини Толибон ва Ал-Қоида билан диалог ва музокаралар воситасида ечишни таклиф қилиш учун одам аҳмоқ бўлиши керак.

Мана энди сиёсий саҳнага Тибет буддистларининг лидери Далай-лама чиқибди. У Италияда чиқадиган La Stampa газетасига берган интервьюсида ИШИД билан диалог қилиш кераклигини айтибди. Исломни "тинчлик дини" деб баҳолаган Далай-лама террористларни диалог билан енгиш мумкинлигини урғулабди.

Кўринишидан, Далай-лама ИШИД нималигини ҳам билмайди. ИШИДнинг мақсади ҳамма давлатларни исломий қилиш, уларни Халифаликка бирлаштириш, ҳаммани мусулмон қилиш ва улар Шариат қонунлари билан яшашларига эришиш. Шундай ИШИД билан диалог нима ҳақида бўлиши мумкин? Ҳамма давлатларни шошмасдан исломий қилиш ва Шариат қонунларини қадамма-қадам тинч йўллар билан киритиш ҳақидами? Шариатга кўра, маълум жиноятлар учун инсонларни тошбўрон қилиш керак. Далай-лама диалог воситасида тошбўронни чиройли тошлар билан қилиш кераклиги ҳақида келишмоқчимасмикан?

Бизнинг Далай-ламани ҳам аҳмоқ деб эълон қилиш ниятимиз йўқ. Мақсадимиз - бошқа нарсага эътибор бериш. Далай-лама 80 ёшда, Ислом Карим 78 га кирмоқда. Ҳамма нарса уларнинг ёшида эмасмикан?