01 December 2015
00:54 - Марказий Осиё лидерлари Парижда эмас, уйларида масхарабозлик қилишмоқда: Имомали Раҳмон "Миллий лидер" бўлишга тайёрланмоқда, Ислом Каримчи?
Парижда ўтказилаётган Иқлим Ўзгариши бўйича Конференцияда сўзга чиққан жаҳон лидерларидан биронтаси иқлим ҳақида гапиргани хабарларда тилга олинмайди. Ҳамманинг ҳаёлида ислом терроризми ва шу билан боғлиқ бўлган воқеа - руслар учоғининг Туркия тарафидан уриб туширилиши.

Аммо, Парижга Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан биронтаси келгани йўқ. Яккамохов Ислом Каримни ёки Туркманбоши-2 деса бўладиган Қурбонгули Бердимуҳаммадни қўйиб туринг, жаҳон лидерлари сафига қўшилиш учун ҳаракатда бўлган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой ҳам йўқ. У кеча Остонада Қозоғистоннинг икки йиллик Давлат Бюджетини тасдиқлаш билан овора бўлибди.

Имоммали Раҳмон эса тожикларнинг миллий лидери унвонини олиш учун кураш олиб бормоқда. Тожикларнинг Asia-Plus агентлиги тарқатган хабарга кўра, унинг ишлари ёмон эмас. Тожикистон парламентининг қуйи палатаси (шунақаси ҳам бор экан - "Ҳаракат") "Тинчлик ва тотувлик асосчиси - Миллат лидери" номли қонун лойиҳасини охирига етказиш ва бу қонунга жорийдаги президентининг муносабатини ўрганиш учун махсус гуруҳ тузибди. Бу қонун қабул қилинса, Имомали Раҳмонга "Миллат лидери" фахрий унвони берилади.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, бу қонун қабул қилинади ва навбатдаги масхарабоз Имомали Раҳмон "Миллат лидери" деб эълон қилинади.

Аммо, минг афсуски, бундай ишларни Ислом Карим қилолмайди. Чунки, у "Ҳаракат" сайтида 10-15 йил аввал эълон қилинган бир латифани жуда яхши билади. Мана ўша латифа.

Икки одам бир-бири билан гаплашмоқда.

- Нимага Ислом ака ўзига ҳайкал қўйдирмайди?

- У киши “Бирлик”нинг Тошкентдаги кўп минг кишилик митингларидан кейин одамларнинг бир ерга тўпланишидан қўрқиб қолган. Шунинг учун Тошкент марказидаги ҳамма майдонларни ҳам йўқ қилиб ташлади.

- Ҳайкал очилишига келадиган одамлардан ҳам қўрқади демоқчимисиз?

- Йўқ, ҳайкал бузилаётганда йиғиладиган оломондан қўрқади.