30 November 2015
15:42 - “Эзгулик”: Президентга Ўктам Пардаевлар керак бўлмаса, ким керак? ИШИДми?! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - № 39.30.11.2015)
Шу йилнинг 16 ноябрь куни ҳибсга олинган Ўктам Пардаев тақдири Ўзбеистон ҳукуматининг фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан сиёсати ўзгармаслиги, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласи ҳали бери ижобий томонга ўзгармаслигини кўрсатди. Бугун матбуотда эълон қилинган Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитасининг Пардаевни озод этиш, унга нисбатан очилган жиноят ишини дарҳол тўхтатиш талаби инсон ҳуқуқлари масласида оғиз кўпиртираётган Ўзбекистон ҳукумати учун тарсаки бўлди.

Ҳолбуки, шу йилнинг 12 ноябр куни сиёсий маҳкум Мурод Жўраевнинг озод қилиниши кўпчилик томонидан олқишланган, Ўзбекистон демократик Ғарб таъсирида ижобий қадамлар қўя бошлади, деган умид бера бошлаганди. Фуқаролик жамияти вакилларининг бирини озод қилиб, унинг ўрнини бошқаси билан тўлдириш ва сиёсий интеграциялар, сиёсий аҳдлашувлар механизми учун улардан фойдаланиш тенденцияси масхаромуз тус олди.

Уйдирма айбловлар билан ҳибсга олинган Ўктам Парадаев бир неча кун давомида ташқи дунё билан алоқадан узиб қўйишди. Яъни, у Ўзбекистон процессуал қонунчилигида белгиланган фундаментал ҳуқуқлардан маҳрум қилинди. Дастбалки кунларда унинг ўз оила аъзолари билан гаплашиши, адвокати билан учрашишига рухсат берилмади. Бу эса ҳар биримизнинг, ҳар бир фуқаролик жамияти вакилининг бошига тушиши мумкин бўлган ҳодиса экани реаллашмоқда.

Бинобарин, қамоқларда қолаётган “Эзгулик”чи Дилмурод Саййид, журналист Солижон Абдураҳмонов, ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Фармонов, Аъзам Турғунов, Исроилжон Холдоров сингари бир қанча шахслар тақдири ижобий томонга ҳал қилинмай Ўктам Пардаевнинг ҳам ҳибс этилиши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ишонч, истиқболдаги ижобий қадамларга бўлган умидни сўндирди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фирибгарлик ва порахўрлик сингари анъанавий айбловлар билан қамоқда ушлаб турилган ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевни ҳеч бир шартларсиз озод қилишга чақиради. Зеро, унга нисбатан илгари сурилаётган айбловларга мутлақо ишолнмаймиз, бу айбловларни Жиззах вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан уюштирилган туҳмат ва фитна, деб ҳисоблайди.