25 November 2015
19:47 - ЕИ сиёсий мулоқотларда Ўзбекистонни сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди
23 ноябрдаги хабарларимизда мамлакатимизга Европа Иттифоқининг ташқи сиёсий фаолияти хизмати (European External Action Service, EEAS) делегацияси ташриф буюргани ва делегация вакиллари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят билан учрашганини хабар қилгандик. Мазкур делегация вакиллари бугун Ўзбекистон ҳукумати билан сиёсий мулоқотлар ўтказишга бошлади ва илк учрашувда барча сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришга чақирди.

Шунингдек, европалик дипломатлар гуруҳи мулоқот давомида мамлакат ҳукуматини матбуот, фуқаролик жамияти ҳамда диний гуруҳларга нисбатан қўллаётган чекловларини юмшатишга ундади. Ўзбекистон Адлия вазири Музроб Икромов етакчилик қилаётган мамлакатимиз делегациясининг бу чақириқларга муносабати маълум эмас.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ЕИ-Ўзбекистоннинг анъанавий йиллик мулоқотининг навбатдаги босқичи кейинги йили Брюсселда ўтказилиши айтилди.