25 November 2015
13:19 - Иқлим баҳона учрашувлар ғанимат: Парижда Иқлим Ўзгариши бўйича Конференция бўлади
Парижда шу йил 30 ноябрдан 11 декабргача Иқлим Ўзгариши бўйича Конференция бўлади. БМТ тарафидан 1974 йилдан бери ўтказилаётган ва бу йилгиси 21-чи бўлган бўлган Конференцияга қизиқиш жуда катта ва асосий сабаб иқлим ўзгариши эмас, дунёдаги сиёсий нотинчлик. Иқлим баҳона жаҳон лидерлари Парижда икки тарафлама учрашувлар ўтказишни режалаштираётганлари аввалдан маълум эди. Кеча турклар тарафидан русларнинг ҳарбий учоғини уриб туширилиши Париждаги тадбирнинг қийматини яна ҳам юксалтириб юборди.

Кеча АҚШ ва Россия президентлари Парижда учрашишни режалаштираётганлар эълон қилинган эди. Ҳозир маълум бўлишича, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам ўша ерда АҚШ ва Франция президентлари билан учрашмоқчи экан. Табиий, жаҳон лидерлари Конференциянинг очилишига келишади ва 2-3 куни ичида бу каби учрашувлар жуда кўп бўлади.

Иқлим бўйича конференцияга ҳамма давлатларнинг раҳбарлари чақирилган, Ўзбекистон президенти ҳам. Аммо, у Парижга бориш бормаслиги маълум эмас. Аслида, инидан чиқмайдиган Ислом Карим у ерга бориши жуда муҳим эди. Чунки у ҳам икки тарафлама учрашувлар ўтказиб, жаҳоннинг ҳамма муаммоалрини тинч йўллар билан ҳал этиш ҳақидаги таклифларини ҳаммага уқтиролса, дунёда урушлар битарди. Масалан, ИШИД қурол йўли билан исломий давлат тузиш ва ислом мамлакатларнии Халифаликка бирлаштиришдан ғоясидан воз кечиб, иқлим ўзгариши масалалари билан шуғулланишга бошларди.

Париждаги конференцияда бўладиган учрашувларда асосий мавзу турклар тарафидан рус учоғонинг уриб туширилишидан кейин юзага келган вазият бўлиши аниқ эканлигини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Дунё лидерлари ИШИДни тезроқ йўқ қилиш масаласида келишишлари ва бу террористик гуруҳ тезда йўқ қилиниши муқаррар.

Аммо, шу нарса ҳам аниқки, жаҳон лидерлари ислом терроризмининг илдизларни йўқ қилиш масаласида ҳали келишига тайёр эмаслар, қолаверса, унинг илодизлари нимада эканлигини ҳам тушунишаётганлари йўқ. Ёшлар динлараро ҳамдўстлик ғоялари остида тарбияланса, ислом терроризми битади деб ўйлашмоқда, ислом динида фундаментал ислоҳотлар қилиш лозимлигини ҳаёлларига ҳам келаётгани йўқ. Аммо, барибир ўйлашга мажбур бўлишади.