23 November 2015
21:13 - Ҳақиқий хабар: “Эзгулик” раҳбари Васила Иноят Европа Иттифоқи мулозими билан учрашди
Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят мамлакатимизга келган Европа Иттифоқининг сиёсий ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мулозими Гаррет О`Брейн билан учрашди. Учрашув Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчихонасида ташкил қилинди. Яккама-якка учрашувда эрта-индин ҳукумат расмийлари билан музокаралар олиб борадиган ЕИ мулозими ҳуқуқ ҳимоячисидан, аввало, қамоқда қолаётган фуқаролик жамияти вакиллари, хусусан, Мурод Жўраевнинг озод қилиниши масаласини сўради. Ҳуқуқ ҳимоячиси Мурод Жўраевнинг озод иқлиниши, унинг ортидан Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олиниши жараёнини фуқаролик жамияти вакили позициясидан гапириб берди.

Васила Иноятга кўра, мамлакатда фуқарллик жамияти вакилларининг ҳибсга олиниши жараёни токи мавжуд сиёсат ўзининг йўналиш ва қадамларини ўзгартирмас экан, давом этаверишини таъкидлади. Сиёсий муҳит ўзгариши учун эса сиёсий мухолифат иқтидорга келиши кераклигини урғулади. ЕИ мулозими, шунингдек, ИШИДга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинаётган шахслар кўлами, сиёсий маҳкумлар Муҳаммад Бекжон, Дилмурод Саййид, Солижон Абдураҳмон, Аъзам Фармон сингари шахсларнинг аҳволи ва ҳуқуқлари хусусида сўради.

“ЕИнинг инсон ҳуқуқлари сингари структуралари аллақачон декларатив, мавҳум ва умумий сиёсатдан амалий қаамларга ўтиши керак. Хусусан, ҳукумат билан учрашув ва музокараларда фуқаролик жамияти ваиклларининг озодлиги масаласини кўндаланг қўйиши керак. Афсуски, бундан конкрет масалаларни кўтараётган ва дипломатик мулозаматларни ортга суриб, аҳволнинг кескин ўзгаришини талаб қилаётган “Эзгулик” сингари ташкилотлар халқаро ташкилот ва дипкорпусларнинг йиғинларига чақирилмай қўйди” деди Васила Иноят.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг мулоҳазаларини жон қулоғи билан эшитган ЕИ мулозими эртадан бошлаб, ҳукумат расмийлари билан учрашади. Музокараларда инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласини кўтаради.