23 November 2015
20:07 - Сурхондарёда туғилиш даражаси кескин камайди, сабаб Турзунзода алюминий заводи эмасми?
Вилоят ҳокимлигининг статистика бошқармасига кўра, шу йилнинг 9 ойи давомида вилоятда 42 385 нафар чақалоқ туғилибди, бир йил аввал 43469 чақалоқ туғилган экан. Яъни, ҳар 1000 нафар аҳолига туғилиш интенсив кўрсаткичи 25.1 дан 24.1га камайган. Хусусан, туғилиш даражаси Термиз, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туманларида сезиларли даражада камайгани кузатилмоқда.

Буни қарангки, мазкур туманлар Россия ва Қозоғистонга мардикор етказиш бўйича юқори ўринларни банд қилган. Демак, туғилишнинг камайиши эр-йигитларимизнинг мусофирликда экани билан боғлиқ.

Аммо Статистика бошқармаси вилоятда экологик муҳитнинг ёмонлашиб бораётгани ва туғилаётган чақалоқларда туғма ривожланиш нуқсони ва ирсий касалликларнинг кўплигини ҳам баён этган. Бундай беморларнинг 53 нафарига Сурхондарё вилояти “Она ва бола” марказининг 60 670 000 сўмлик дори-дармонлари берилибди.

Аммо, ҳеч шубҳа йўқки, буларнинг асл сабаби - Тожикистонда руслар қуриб кетган ва Ўзбекистонга заҳар сочаётган Турзунзода алюминий заводидир.