23 November 2015
07:42 - Туркия Буюк Миллат Мажлисига 75 ёшли Исмоил Қаҳрамон раис қилиб сайланди

1 ноябрда ўтказилган сайловларда парламентдаги 550 ўриндан 316 тасини олган Адолат ва Тараққиёт Партияси ўзи кўрсатган номзодни раис қилолиши аввалдан маълум эди. Бироқ, мамлакат Конституцияга кўра, биринчи ва иккинчи турларда депутатларнинг 2/3 қисмини овозини олган одамгина раис бўлолади. Шунга кўра, кеча уч турли сайлов ўтказилди.

Парламентдаги 4 партиянинг ҳар бири ўз номзодини кўрсатди, ҳар бир партия биринчи ва иккинчи турларда ўз фракцияси аъзоларнинг овозини ололди, натижада ҳеч ким раис бўлолмади. Учинчи турда АТПнинг номзоди 75 ёшли Исмоил Қаҳрамон 316 овоз билан Мажлис раиси бўлди.

Исмоил Қаҳрамон Президент Ражаб Эрдўғоннинг узоқ йиллик дўсти эканлиги айтилмоқда. У парламентга бир неча марта сайланган, ҳукуматда вазирлик вазифасини ҳам бажарган. Бундан ташқари, у Мажлисда ёши бўйича иккинчи ўринда турган депутат ҳисобланади. Биринчи ўринда Жумҳурият Халқ Партиясининг 77 ёшли депутати Дениз Байкал бор.

Шундай қилиб, Туркиянинг Президенти, Бош вазири ва парламент раиси бир партияга мансуб бўлган одамлар. Тўғри, мамлакат Конституцияси бўйича Президент партия аъзоси бўлолмайди, шу сабабли, Ражаб Эрдўғон президент бўлиши билан Адолат ва Тараққиёт Партиясидан чиқиб кетди, аммо амалда у нафақат партия аъзоси, балки, унинг ҳақиқий лидеридир.

Ҳозир Туркия оғир аҳволда. Бир тарафдан, мамлакат ичида ИШИДга яқин бўлган ислом террористлари ташкилотлашиб бораётгани айтилмоқда, иккинч тарафдан, Туркиянинг қўшнилари бўлган Сурия ва Ироқ ислом терроризмининг марказига айланмоқда. Балки, бундай пайтда, ҳокимият бутунлай бир партиянинг қўлида эканлиги яхшидир. Нима бўлганда ҳам, Турк дунёси учун Туркияда сиёсий барқарорик бўлиши жуда муҳим.

Расмда - Исмоил Қаҳрамон (чапда) ва Дениз Байкал