22 November 2015
17:13 - Ўзбекистоннинг баъзи қўғирчоқ ахборот воситаларида қандайдир ўзгаришлар қилинаётганга ўхшайди, аммо миллатнинг фойдасига эмас

Авваллари Ўзбекистоннинг ахборот воситаларида чет элдан хабарлар бўлмасди ҳисоб, ҳамма хабарлар Ўзбекистон Ислом Карим раҳбарлигида қандай гуллаб-яшнаётгани ҳақида бўларди. Хабарларнинг сони бармоқ билан санаса бўладиган даражада оз бўлгани ҳам маълум.

"Ҳаракат"нинг шафқатсиз танқидларидан кейин, масалан, ҳалигача шанба-якшанба кунлари ишламайдиган ЎзА агентлиги бошқа кунларда тарқатиладиган хабарларининг сонини 10 дан 20 га чиқарди, Эслатиб ўтиш керакки, бошқаларни қўйиб туринг, қозоқларнинг Казинформ агентлиги бир кунда 200 дан кўпроқ хабар тарқатади.

Аммо, ҳозир бир қатор қўғичоқ ахборот воситалари, масалан, kun.uz ва 12news.uz кабилар, кунлик хабарлар сонини кескин орттирдилар, қизиғи шундаки, уларнинг мутлақо кўпчилиги чет элларга оид хабарлар, Ўзбекистонга оидлари йўқ ҳисоб. Бундан ҳам қизиғи, хабарларда Ислом Каримнинг исмини тилга олиш, уни мадҳ қилиш камайди.

Ҳозир жаҳонда хабарчилик иккинчи нонга айланганини "Ҳаракат" йиллардан бери гапириб келар экан, хабарчиликнинг муҳим жиҳатларидан бири - хабарга таҳлил бериш бўлиб бораётганини ҳам ёзмоқда эди. Ўзбекистонда бунақа жиҳат мутлақо йўқ.

Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклар режими хабарчиликда қандайдир янгликлар қилиш билан шуғулланаётгани шубҳасиз. Аммо, кўриниб турибдики, чет элдан олинаётган хабарлар - асосан у ердаги аҳволни ёмон қилиб кўрсатувчи хабарлардир. Демак, таҳмин қилиш қийин эмаски, Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи соат сайин ёмонлашиб бораётган бир пайтда Ислом Каримни мадҳ қилавериш фойдасизлигини тушуниб етишган.

Энди бошқача йўл танланган - дунёда ҳам аҳвол ёмонлигини кўрсатиш. Дунёнинг аҳволи фаровонлик нуқтаи назардан ёмонлашаётганини кўрсатиб бўлмайди, демак, мақсад - хабарчиликда ислом терроризми каби мавзуларга эътиборни кучайтириш ва Ўзбекистоннинг "осмони тинчлигини" кўрсатиш бўлса керак.

Аммо, иқтисоди чўкиб бораётган Ўзбекистоннинг осмонида ҳам тинчлик бузилиши, қонли воқеалар бошланиши муқаррар. Бунинг олдини олишни истаётганлар "Бирлик" ва "Ҳаракат" атрофида бирлашишлари, миллат сифатини йўқотган ўзбекларни қайтадан миллат қилиш, Ислом динини ислоҳот қилиш таклифларини ҳаётга жорий қилишда ёрдамчи бўлишлари керак. Акс ҳолда, келажагимизнинг мавҳумлик даражаси ортиб бораверади.