19 November 2015
00:52 - Дунёда битта янгилик бор: ИШИД Россия учоғини портлатган бомбанинг фотосуратини тарқатди, ишонса бўладими?

Аслида, кеча дунё ҳар доимгидек янгиликлар билан тўла эди. Россия ва Франция сал кам бирлашиб, ИШИДнинг позицияларини бомбардимон қилмоқдалар, Европа давлатлари хавфсизлик чораларини орттириш билан машғуллар, Париж яқинидаги Сант Дени шаҳарчасида полиция ўтказган операцияда 2-3 террорист ўлдирилди, 5-6 таси қўлга олинди, Филиппиннинг пойтахти Манилада Осиё-Тинч океани Иқтисодий Ҳамкорлиги саммити бўлиб ўтди,у ерда ҳам асосан Париждаги воқеалар соясида гаплашилди, ЕИ ҳукуматининг бошлиғи терроризмга қарши кураш баҳонасида ЕИнинг армиясини тузиб олишни таклиф қилди ва ҳоказолар. Яъни хабарлар кўп, уларнинг ҳаммаси Париждаги терактлар атрофида айланаётган хабарлар.

Биттагина янгилик деб атаганимиз хабар тўғридан-тўғри Париждаги воқеаларга алоқаси бўлмаса-да, барибир ислом терроризми билан боғлиқ. Нимамиш, ИШИДники деб ҳисобланадиган сайтлардан бирида Россия учоғини Синай осмонида портлатган бомбанинг фотосурати эълон қилинганмиш. Бошқалардан орқада қолмайлик дея, биз ҳам ўша расмни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Қизиғи шундаки, расмни тарқатган биронта хабар агентлиги бундай нарсаларни тушунадиган мутахассиснинг фикрини сўрамаган. Шундай кичкина бомба катта бир учоқни бир сонияда парчалаб юборишга қодирми, ИШИД ҳамма нарсага қодирми, деган саволлар қўйилмаган. Балки, қодирдир, у ҳолда бу дунёнинг ҳар бир нуқтаси таҳликали жойга айланадику, чунки, бундай бомбачини ҳар бир ерга ташлаб кетиш мумкинку. Демак, 21 аср глобаллашув эмас, террорчилик асри бўладику.