17 November 2015
08:23 - Бечора Дэвид Кэмерон ҳам ислом терроризмининг моҳиятини тушунмаслигини намойиш қилди

Буюкбританинг Бош вазири Дэвид Кэмерон Лондон шаҳрининг Сити деб айтиладиган қисмининг ҳокими (лорд-мэри) ҳар йили уюштирадиган қабул маросимида нутқ сўзлаб, йиллардан бери давом этиб келаётган анъанани бузди ва асосан экстремизмга қарши кураш масаласини гапирди, дейилади русларнинг "Новости" агентлигиниг мухбири тайёрлаган хабарда. Кўринишидан русларнинг мухбири ўша қабул маросимида иштирок этган.

Ўз-ўзидан маълумки, дейди "Ҳаракат" мухбири, Париждаги қонли воқеалар Дэвид Кэмеронни айнан ислом терроризми ҳақида гапиришга мажбур қилган, аммо у европача назокатлик кўрсатиб "ислом терроризми" ўрнига асосан "терроризм" ва "экстремизм" сўзларини ишлатиш билан чекланган.

У авваламбор 5 йил ичида ўз мамлакатининг хавфсизлик хизматларини кучайтириш учун 2 млрд фунт стерлинг ажратиш, контртеррористик кучларнинг сонини 1,8 мингга ошириш, барқарорлик бўлмаган давлатларга ёрдамни кўпайтириш ҳақида гапирган. Бундай чора-тадбирлар кўрилиши Париждаги воқеалардан кейин табиийдир.

Аммо, Дэвид Кэмероннинг ислом динини тинчлик дини деб кўрсатишга ҳаракат қилаётган мусулмонларни қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақидаги сўзлари уни бечора дейишимизга сабаб бўлмоқда.

Унинг фикрлари қуйидагича: "Экстремизм ғояси ҳақиқий исломнинг сифати эмас, аммо буни фақат гапиришдан фойда йўқ, чунки экстремистлар ҳам ўзларини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун биз бетараф қилмаслигимиз ва бизнинг ишончларимиз тарафдори бўлганларга амалий, яъни молиявий ёрдам беришимиз, уларни ҳимоя қилишимиз ва уларнинг сиёсатда иштирок этишларини таъминлашимиз керак".

Кўриниб турибдики, бечора Кэмерон ўзи гапираётган мавзунинг моҳиятини яхши тушунмайди. Аслида, бу фақат унда эмас, Ғарбдаги ҳамма сиёсатчиларда бор бўлган камчиликдир.

Гап шундаки, ҳамма динларда бўлгани каби, мусулмонларнинг ҳам мутлақо кўпчилиги диний масалалар билан қизиқмайди. Улар ўз динларининг анъанавий қоидиларини бажариш билан чекланишади. Аммо, диндорларнинг кичик бир қисми у масалалар билан қизиқади, диннинг ҳамма талабларини ҳаётга жорий қилишда иштирок этишни ўзининг вазифаси, ўз дини олдидаги мажбурияти деб ҳисоблайди. Айнан шундай камчиликлар диний жамоаларда мотор ролини ўйнаб келган ва бундан кейин ҳам ўйнайди.

Ислом динида Қуръоннинг ўрта асрлардан ҳам аввал қилинган хато тафсирдан келиб чиқиувчи тушунчалаор бор. Масалан, давлат исломий бўлиши, ҳамма мусулмон динини қабул қилиши ва шариат қонунлари бўйича яшаши шарт.Бу шартлар бажариб бўлмайдиган шартлар. Аммо, диннинг ҳамма талабларини ҳаётга жорий қилишда иштирок этишни ўз мажбурияти деб ҳисоблаган мусулмонларнинг маълум бир қисми бу шартларни бажариш учун кўр-кўрона ҳар нарса қилишга, жумладан экстремизмга ва ҳатто терроризмга тайёр.

Айтилган шартлар ҳозир Ислом дини тарафидан расман қабул қилнган шартлар бўлгани сабабли, бу масалалар билан ортиқча қизиқмайдиган мусулмонларнинг кўпчилиги ёки ўша кичик қисмнининг ишларини очиқча қўллаб-қувватлдайди ёки тамошабин бўлиб қолаверади. Яъни у шартларга қарши чиқолмайди.

Шундай экан, Дэвид Кэмерон мусулмонларни қанчалик тарбия қилмасин, камчиликнинг фикрини ўзгартиролмайди, чунки улар Ислом дини тарафидан расман тан олинган шартлар учун курашмоқдалар ва улар ҳақлар. Демак, бундай камчилик абадий бўлади ва ислом экстремизмининг терроризмга айланиб кетаверадиган шакли абадий яшайди.

Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли, "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлат айтаётган йўлдир. Унга кўра, Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, ва биринчи навбатда, юқорида айтилган шартларнинг биринчисидан воз кечиш, яъни Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш керак. Айнан шу масалада Ғарб мусулмонларга ёрдам бериши самарали бўлади.