12 November 2015
07:06 - Диққат: Ўзбекистонда эски паспортларнинг амал қилиш муҳлати ўзгартирилмайди
Ўзбекистон Президентининг 2011 йилнинг 5 январдаги имзоланган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2015 йилнинг охирига қадар ўзбекистонликлар янги биометрик паспортларга эга бўлиши керак эди. Аммо эски паспортларнинг тугаш муддати битаётганига қарамай, аҳолининг паспортларини тўлиқ алмаштиришга эришилмади. Ҳозирда аҳолининг каттагина қисми эски паспортлар билан юрибди.

Бир қатор оммавий ахборот воситаларида ҳукумат биометрик паспорт тизимига ўтиш муҳлатини яна бир йилга чўзади, деган хабарлар пайдо бўлганди. Бугун расмийлар масалага изоҳ бериб, муҳлатнинг ўзгармаслигини, эски паспортларнинг амал қилиши шу йилнинг сўнгги кунида тугашини маълум қилган. Афтидан, паспорт алмаштириш ва аҳолининг каттагина қисмини жаримага тортиш бўйича муаммолар юзага келади.