07 November 2015
12:32 - Шимолий Қибрисда бир адвокат аёл учта масжидда динамиклар орқали азон айтишни тақиқлатти, аслида, бу хусусда фатво чиқартириш керак

Миллиёт газетасининг хабарига кўра, Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятидаги Лефке шаҳарчасида Фейза Гўзалўғли исмли юрист аёл масжидларда азоннинг динамиклар орқали баланд овозлар билан ўқилиши одамларнинг тинчлигини бузаётганини сабаб қилиб кўрсатиб, бундай амалиётни тақиқлаш талаби билан маҳаллий судга мурожаат қилган экан, суд шаҳарчадаги учта масжидда динамиклар орқали бомдод намози олдидан азон ўқиш ва дуо қилишни тақиқлабди. Фейза Гўзалўғли ўз аризасида дуо араб тилида ўқилишидан норози эканлигини ҳам айтган экан.

Шимолий Қибриснинг муфтиси Толиб Аталайнинг бу хусусда тарқатган баёноти масхарабозликдан бош нарса эмасди. У асрлардан бери айтиб келинаётган намоз олди азонларни ҳеч ким тўхтатолмаслиги ва тўхтатишга ҳаққи йўқлигини айтиб, азон айтиш давом этаётганини урғулабди. Ваҳолангки, суднинг қарори билан азон айтиш эмас, азонни динамик ёки овозни кучайтирувчи бошқа жиҳозлар ёрдамида айтиш тақиқланган.

Билмаганлар учун айтиш керакки, дейди мухбиримиз, ўтган асрнинг 30-чи йилларида Туркияда азон ва дуоларни турк тилида ўқиш қонунлаштирилган эди. Кейинчалик, 60-чи йилларда бўлса керак, бу қонун бекор қилинган.

Аслини олганда, азонни баланд миноралардан баланд овоз билан айтилиши ўрта асрлар учун тушунарли нарса эди. Ҳозир ҳамманинг қўлида соат, намозлар жадвалини эслаб қололмайдиганлар учун бундай жадвал ёзилган қоғоз ёки мобиль телефонлар борлиги, мобиль телефонларни одамларга намоз вақтини эслатадиган қилиб қўйилиши мумкинлигини ҳисобга олсак, динамиклар орқали азон айтишнинг ҳожати йўқ.

Бунинг устига, жаҳон бўйлаб глобаллаув жараёнлари давом этиб, турли динга соҳиб бўлган одамларнинг аралаш яшаши оддий ҳолга айланиб борар экан, динамиклар орқали азон айтиш давлат миқёсидаги қонунлар билан тақиқланиши муқаррар. Ишни бунга етказмасдан, Ислом уламолари азонни динамиклар орқали айтмаслик ҳақида ўзлари фатво чиқарсалар, Ислом динининг обрўси учун яхши бўларди. Қолаверса, масжидларни балан миноралар билан қуриш анъанаси ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлишини кутиш керак.