05 November 2015
01:13 - Ҳам масхарабозлик, ҳам сенсация: Фаровонлик даражаси бўйича Ўзбекистон Қозоғистон билан ёнма-ён ва Россиядан юқори

Энциклопедияларга кўра, Лондондаги отини таржима қилиш ҳам қийин бўлган Legatum Институти хайриялар асосида фаолият олиб бориб, инсоният фаровон яшаши учун, қўполроқ қилиб айтсак, йўллар қидириш билан шуғулланар экан. Шу институт дунёнинг 142 мамлакатининг фаровонлик даражасини ўлчаб, унинг натижаларини ўз сайтида эълон қилибди.

Эълон қилинган рўйхатга кўра, дунёнинг энг фаровон ўлкалари - Норвегия, Швецария, Дания, Янги Зелландия ва Швеция. Энг фаровонсизлари – Бурунди, Чад, Гаити, Афғонистон ва Марказий Африка Республикаси.

Бу рўйхатда АҚШга 11-чи, Германия ва Англияга 14 ва 15-чи, Жанубий Кореяга 28- чи ўрин берилган, Япония рўйхатда йўқ.

Табиий, биз учун қизиғи – Ўзбекистоннинг ўрнидир. Мамлактимиз 57-чи ўринга қўйилибди. Буни қандай баҳолаш керак? Зўр деб баҳолаш керак, чунки, Қозоғистондан (56-чи ўрин) бор йўғи бир поғона пастдамиз, аммо, бундан ҳам муҳими, Россиядан (58-чи ўрин) битта поғона юқоридамиз.

Сўзсиз бу сенсация. Яшасин жонажон ватанимиз Ўзбекистон деб ҳайқириш керак.

Аммо, бироз калла ишлатсак, бу рўйхат масхарабозликдан бошқа нарса эмаслигини тушунамиз. Чунки, Жаҳон Банки каби бутун дунё ҳисоблашадиган муассасаларнинг маълумотларига кўра, ҳар қандай мамлакат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот бўйича Ўзбекистонимиз Қозоғистон ва Россиядан 8-10 баравар орқададир. Ўртача ойликдан ҳам айнан шундай аҳвол. Масалан, Қозоғистонда ўртча ойлик 700 доллар атрофида, бизда 90 доллар. Ўзбек профессорлари қозоқ ва ўрис дворникларидан кам маош олишади.

Шундай экан, Ўзбекистонимиз фаровонлик даражаси бўйича Қозоғистон билан ёнма-ён ва Россиядан юқори эканлигига, бошқаларни қўйиб туринг, ўзбекларнинг ўзи ҳам ишонмайдику.

Бу масхарабозликнинг сабабларини тушунишга ҳаракат қилиш ҳам муҳимдир. Юқорида айтилганидек, Legatum Институти ўзига берилган хайриялар билан ҳаёт кечиради. Демак, катта хайрия бериб бу институтни сотиб ҳам олиш мумкин. Ислом Каримнинг Фуҳуша лақаби билан танилган қизи уй қамоғида бўлмаса эди, у шведларнинг Телесонерия ширкатидан олган 300 миллион долларлик порадан бир неча миллионини Legatum Институтига хайрия қилиб, ўзи истаган натижани чиқариб олганини тушунса бўларди. Аммо, Фуҳуша ўй қамоғидаку!

Нима қилибди, у қамоқда бўлса, Фуҳуша-2 ҳали қамалмаган-ку! Демак, ҳамма нарса тушунарли. Бу каби хайрия билан ишлайдиган ташкилотларнинг ишларига шубҳа билан қараш кераклиги табиий бўлиб қолмоқда.

Мана бошқа мисол. Wikipedia энциклопелиясини олайлик. Унинг Ўзбекистон номли мақоласида Ўзбекистон қандай қилиб мустақил бўлиб қолгани мутлақо тилга олинмайди. Нимага? Чунки, тилга олинса, мустақилликка эришиш йўлидаги курашни “Бирлик” Халқ Ҳаракатини тилга олмасдан ёритиб бўлмасдику.

Яна бошқа бир мисол. Шу энциклопедиянинг рус тилидаги “таджики” номли мақоласида тахминан 10 кишилик “тарихнинг энг буюк тожиклари” рўйхати бўлиб, у ерда Ислом Каримов бор эди. “Ҳаракат” сайти Ислом Каримнинг тожик эканлигини айтар экан, шу рўхатни ҳам эслатиб туришга бошлаши билан бу мақола Wikipedia энциклопедиясидан бутунлай олиб ташланди.

Шунақа гаплар.