02 November 2015
18:49 - Жон Керри бугун Қозоғистонда нафақат Президент, Бош вазир билан ҳам учрашди, Ўзбекистонда бунақа бўлолмайди

Самарқанддан Остонга келган АҚШ Давлат Котиби Жон Керри бугун Президент Нурсултон Назарбой ва Бош вазир Карим Масимов билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказди.

Нурсултон Назарбой билан учрашув ҳақидаги расмий хабар Карим Масимов билан учрашув ҳақидаги хабардан бироз катта. Аммо, иккаласи ҳам умумий гаплардан иборат бўлиб, Жон Керри нима чун Марказий Осиёга, жумладан, Қозоғистонга келди, деган саволга жавоб йўқ. Жавоб аввалги хабаримзагидек бўлса керак. Яъни, Жон Керри Европада Суриядаги аҳволни муҳокама қилиш бўйича интенсив учрашувлар орасида Марказий Осиёга келибдими, ҳеч шубҳа йўқки, бу минтақа давлатларининг ислом терроризмига қарши курашда қандай шаклда иштирок этишларини ҳам муҳокама қилмоқда.

Жон Керрининг Остонага ташрифининг яна бир қизиқ тарафи эътиборга лойиқ. Гап унинг Бош вазир Карим Масимов билан учрашуви ҳақида. Маълумки, Ўзбекистонда ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишлари ҳақидаги хабарларда Бош вазир Шавкат Мирзиёнинг номи ҳам тилга олинмай. Унинг расми хабарларда кўринмайди ҳисоб. Табиий, бу Ислом Каримнинг иши. Шундай экан, у Шавкат Мирзиёнинг Жон Керри билан учрашувига йўл берармиди?

Бу нарса келажакда Шавкат Мирзиёнинг фойдасига ишлаши мумкин. Чунки, ахир бир кун ўзбек халқи Ўзбекистон давлатининг иқтисоди ғариб аҳволда эканлиги, ишсизлик шу қадар юксалиб, миллионлаб ўзбеклар чет элларда ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланмасдан мардикорлик қилаётганлари ва шу каби нарсалар бўйича мамлакат раҳбарларидан жавоб сўрайди. Ўшанда Шакват Мирзиё “менинг бу ишларга алоқам йўқ, номига Бош вазир бўлганман, хабарлардан кўринг, ҳамма нарса Ислом Каримнинг қўлида эди, менинг эмас, уни жазоланг” деб дордан қочишга ҳаракат қилади.