02 November 2015
13:19 - Кеча Cамарқандда Марказий Осиё ва АҚШ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида нима бўлди?
Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари йиғилиши аввалдан эълон қилинган эди, айнан шундай бўлди. АҚШда бу учрашув ҳақида хабар ҳам тарқатилмаган бўлса керак, аммо Марказий Осиё давлатларининг ахборот воситалари ҳам бу воқеага катта эътибор бераганлари кўринмайди. Йиғилишда келишилган бўлса керакки, ҳамма хабарлар бир хил.

Уларда ўта қисқа шаклда АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Ерлан Идрисов, Эрлан Абдилдаев, Сирожиддин Аслов, Рашид Мередов, Абдулазиз Комилов бирга бўлишгани, йиғилишни Абдулазиз Комилов очгани, бу ерда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилиб, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар муҳокама этилгани айтилади.

Учрашув якунида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинибди, бундан буён мунтазам сиёсий мулоқотлар ўтказиб бориш мақсадида “С5+1” формати тузиш маъқулланибди.

Жон Керри Европада Суриядаги аҳволни муҳокама қилиш бўйича интенсив учрашувлар орасида Марказий Осиёга келибдими, ҳеч шубҳа йўқки, бу минтақа давлатларининг ислом терроризмига қарши курашда қандай шаклда иштирок этишлари ҳам Самарқандда муҳокама қилинган. Бу ҳақда хабар тарқатмасликка келишилгани ҳам шубҳасиздир.

Бу янги форматнинг С5+1 деб аталиши унчалик тўғри эмас, дейди “Ҳаракат” мухбири. “С” харфи “Central Asia” ёки “Cooperation” (Ҳамкорлик) дан олинган биринчи харф бўлса керак. Аммо, “Central Asia”дан икки харфли қисқартма олиб, С5+1 ўрнига СА5+1 ишлатилса, тушунарлироқ ва яхшироқ бўларди.