02 November 2015
07:25 - Туркияда ҳам сенсация: Кеча ўтказилган парламент сайловларининг натижаларига кўра, исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси якка ўзи ҳукумат қуради

 


 


Сайлов протоколларининг сал кам юз фоизининг натижалари исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси 49,4% овоз олганини, аммо турли вилоятларда сайловчиларнинг сони турли бўлгани сабабли, бу партия 550 кишилик парламентда 316 ўринга эга бўлишини кўрсатди. Янги парламентга кирган 4 партия олган овозларнинг фоизлари қуйидагича:

Адолат ва Тараққиёт Партияси - 49,4%
Жумҳурият Халқ Партияси – 25,4%
Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 11,9%
Халқларнинг Демократик Партияси – 10,67%

Эслатиб ўтамиз, шу йил 7 июнда ўтказилган парламент сайловларида ҳеч бир партия парламентда кўпчиликни ташкил қилолмагани, кўпчилик коалицияси қуриб бўлмагани туфайли навбатдан ташқари сайловлар эълон қилинган эди. Шундан кейин, ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партияси феълан Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг стратегиясини қурол қилиб олиб, курдларнинг Ғарб тарафидан ҳам террористик деб баҳоланган ПКК партиясига қарши қуролли кураш бошлади ва кўп жойларда бу партиянинг қуролланган маҳаллий гуруҳларини феълан йўқ қилди.

Кечаги ғалаба, айнан шу стратегиянинг натижасидир. Аммо, Адолат ва Тараққиёт Партияси сайловлардан кейин ҳам ўша стратегияни давом эттириш-эттирмаслиги маълум эмас.

Расмда – Туркиянинг сайлов натижаларини кўрсатувчи харитаси. Сариқ рангли вилоятларда АТП, қизил ранглиларида ЖҲП, бинафша рангли вилоятларда курдларнинг ХДП партияси ғалаба қозонди. МХП биронта вилоятда ғалаба қозонолмади.

Сайловларнинг ҳали узул-кесил бўлмаган натижалари маълум бўлиши биланоқ, Туркиянинг АТПлик Бош вазири Аҳмат Довутўғли Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши ҳақида гапирди. Аммо, ҳозирча АТПнинг парламентда Конституцияга ўзгартириш киритишга кучи етмайди, бунинг учун парламент аъзоларининг ¾ овоз бериши керак. Аммо, АТП бунча овозга эга бўлса, дарҳол Туркияни исломий давлат деб эълон қилади. Шундай қилинса, Турк Дунёси бирлиги яратиш ғояси хавф остида қолади.