01 November 2015
15:37 - Reuters: АҚШ Давлат котиби биринчи марта автократ ўзбек лидери билан учрашди

АҚШнинг ва дунёнинг энг машҳур хабар агентликларидан бири бўлган Reuters ҳозиргина “АҚШ Давлат котиби биринчи марта автократ ўзбек лидери билан учрашди” номли хабар тарқатди. ЎЗбекистоннинг давлат ахборот воситалари ЎзА ва “Жаҳон” агентликлари ҳали жим. Шармандалик.

Бу хабар умумий гаплардан иборат бўлиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари топталаётган мамлакат эканлиги, лекин Ўзбекистон ҳукумати Ғарбга Афғонистондаги антитеррористик урушда логистик ёрдам бераётгани, Афғонистонга сизиб бораётган ИШИД Ўзбекистонга ҳам хавф солаётгани, бугун Жон Керри Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари билан учрашиши айтилади. Аммо, Жон Керри ва Ислом Каримнинг учрашувига доир биронта гап айтилмайди.

Жон Керри Самарқандда эканлиги ҳам хабардан эмас, хабарга илова қилинган расм остидаги “Ислом Карим Самарқанд аэропортида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ҳузурида Жон Керрининг қўлини сиқмоқда” сўзларидан маълум бўлади.

Ислом Карим Жон Керрини аэропортда ўзи кутиб олиши ҳам қизиқ. Чунки, ҳозир президентлар бошқа мамлакатдан келган вазирларни қўйиб туринг, ҳатто ўз ҳамкасбларини ҳам аэропортда кутиб олмайдилар. Ислом Карим бундай қилганининг сабаби бор. 1992 йили 15 февраль куни кечқурун Тошкентга келган ўша пайтдаги АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер 16 февраль куни эрталаб аввал “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, ундан кейин Ислом Карим билан учрашишни режалаштирганига чидай олмаган Ислом Карим кутилмаганда аэропортга чиқиб, меҳмонни ўзи кутиб олган ва меҳмон билан биринчи учрашувни ўзи ўтказганди. Ислом Карим ўша воқеа Абдураҳим Пўлат туфайли бўлмагани, давлат котибларини аэропортда кутиб олиш ўзи яратган анъана эканлигини кўрсатиш учунгина бугун шундай қилгани шубҳасиз.