20 October 2015
20:49 - Анқарадаги портлашлардан кейин ИШИДнинг омбор ва ҳужралари топилди, Абдураҳим Пўлат бунга ҳайрон эмас

10 октябрь куни Анқара темир йўл воказли олдида митингга тўпланаётганлар ичида икки портлаш уштириб, 102 кишини ўлдирган икки жонли бомба ёки ўлимчи-террористнинг кимлиги аниқлангани, булар Юнус Эмре Умар ва Умар Денгиз Олакўз исмли кишилар бўлиб, Анқарага иккита алоҳида автомобилда Сурия билан чегараларга яқин ердаги Ғазиантеп вилоятидан келишгани маълум бўлганини аввал хабар қилган эдик.

Охирги хабарларга кўра, террористлар Ғазиантепдан Анқарага келган автомобиллар топилган, автомбиллардаги бармоқ излари ва кўчалардага камералар орқали видеоларни ўрганиш натижасида ИШИДчи деб тахмин қилинаётган террористик гуруҳларга оид қурол омборлари ва террористлар тайёрлайдиган ҳужралар Ғазиантепда топилган, кўп одам қўлга олинган. Баъзилари Сурияга қочиб улгурган.

Мен, дейди, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, Истанбулда яшаб, у ердаги аҳволни билганим учун терроризмнинг маркази келажакда Туркия ва Марказий Осиёга ўтишини гапирган ва ёзган эдим. Чунки, 1993-1998 йиллари Истанбулда яшаганимда жуда кўп расмий бўлмаган исломий гуруҳларнинг расмий бўлмаган ўқув жойлари борлигини эшитдим, баъзиларини ҳатто кўрдим.

Бу ишнинг технологияси қуйидагича. Ҳужра деб айтиладиган уй ёки кўп қаватли уйдаги квартира кимлиги айтилмайдиган бой мусулмон тарафидан кирага олинар экан. Ҳар бир ҳужрада 2-3 йигит яшайди, аммо ҳафтанинг маълум кунлари у ерда 20-30 кишилик гуруҳлар тўпланиб, Қуръон ўқишади, ислом динини ўзларича чуқур ўрганишади. Тўғри, улар фанатиклар, аммо террористлар эмасди. Уларнинг кўпчили нурчилар эканлигини ҳамма гапирарди. Ўша ҳужрадаги тузоқларга ўзбеклар тушганини ҳам эшитганман.

Ҳозир энди терроризм “мода”да экан, ўша ҳужраларнинг кўпчилиги ёки қандайдир бир қисми террористларнинг мактабларига айланиб кетишини башорат қилиш унчалик қийин эмасди. Мана ҳозир шундай бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлади.

Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказилиб, биринчи навбатда, ислом дини секуляризм принципини тан олишига эришилмаса, келажагимиз қонли воқеалар ичида бўлаверади.

Расмда – полиция тарафидан аввалдан қидирилаётган ва Анқарада ўзини-ўзи портлатиб, 102 кишини ўлдирган Юнус Эмре Умар ва Умар Денгиз Олакўз.