20 October 2015
12:47 - Маккада ҳаж пайтидаги ҳалокат қурбонларининг сони 2 минг 177 га чиққани иддао қилинмоқда, ҳаж фарз бўлоладими?

Бу йилги ҳаж сафарини амалга ошираётган ҳожиликка номзодлар ичида 24 сентябрь куни Макка яқинидаги Мина водийсида шайтонга тош пайтида чиққан стихияли тўс-тўпалонлар натижасида аввал 500 га яқин, кейин мингга яқин одам ҳалок бўлгани Саудия расмийлари тарафидан эълон қилинганди. Ўшандан бери бу рақам устида тортишувлар давом этмоқда.

Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги эронли бўлгани учун бўлса керак, бу тортишувларда эронликлар олдинга ўринда эди. Айнан Эрон расмийлари ўша ҳалокатда ўлганларнинг сони 4 минг 700 дан ортиқ эканлигини айтмоқдалар.

Аммо, кеча машҳур Associated Press агентлиги, ўз одамларининг ҳисоб-китобига кўра, ҳалок бўлганларнинг ҳозиргача аниқланган сони 2 минг 177 эканлигини эълон қилди. Эроннинг Бош раҳбари Оятоллоҳ Али Ҳамений ҳам кеча саудияликларнинг ёлғон гапиришда айблабди. Бу ҳақдаги хабарлар Оятоллоҳнинг Интернетдаги сайтига асосланиб тарқатилмоқда. Аммо, унинг ўзи ҳам 4 минг 700 рақами қаердан олинганини айтолмайди.

Албатта, ҳар бир одамнинг ҳалок бўлиши ачинарли воқеа ва ҳалок бўлганларнинг сони аниқланиши керак. Аммо, бундай ҳалокатлар келажакда бўлмаслиги учун нималар қилиш кераклиги ҳам муҳим. Саудия раҳбарлари бу йўналишда кўп нарса қилишга ваъда бермоқдалар, аммо ҳамма нарса қуруқ гапга ўхшайди.

Бу масаланинг “Ҳаракат” айтиб келаётган тарафи бор. Гап ҳаж Исломнинг фарзи ёки фарзи эмаслиги ҳақида.

Маълумки, Қуръоннинг 9-10 асрларда қилинган тафсирига кўра, молиявий имкониятга эга бўлган ҳар бир мусулмон ҳаж сафарига чиқиши керак. Дунёда мусулмонларнинг, ҳаж сафари учун молиявий имконияти бўлганларнинг ҳам, сони кун сайин ортиб бормоқда. Аммо бунча одам ҳаж зиёрати доирасида бориладиган жойларга сиғмайди. Демак, молиявий имкониятга эга бўлган мусулмонларнинг бир қисми, бу қисмнинг сони кун сайин ортиб бормоқда, Исломнинг фарзларидан бирини бажаролмайдиган, ҳаж қилолмайдиган ҳолга тушди. Демак, ҳаж – фарз бўлолмайди.

Ҳозир мусулмонлар, авваломбор, Ислом уламолари шу ҳақда ўйлашлари керак.