17 October 2015
10:04 - Яккамохов Ислом Карим нима учун 2009 йили Бразилияга боргани энди маълум бўлди

Ташқи дунё ишлари билан қизиқмайдиган Ислом Карим 2009 йили май ойида Бразилияга саёҳат қилиб қолгани ростдан ҳам кутилмаган ва тушуниб бўлмайдиган воқеа бўлганди. Ҳозир Бразилияда бўлаётган сиёсий жараёнлар янги савол туғдиради: Ислом Карим у ерга президентлик сайловларида кенг қўлланилган фирибгарлик ва товламачилик усулларини ўрганиш учун бормаганмиди?

Бразилиядан келаётган хабарларга кўра, бу мамлакатнинг тегишли органлари ўтган йили ўтказилган президент сайловлари пайтида президентликка номзод Дилма Руссефф тарафидан йўл қўйилган қонунбузарликларни текширмоқда. Бундай қилишга Олий Сайлов Судининг 7 октябрдаги қарори йўл очиб берибди.

Ўтган йили Дилма Руссефф иккинчи марта президентликка сайланганди. Асли болгариялик бўлган бу аёл биринчи марта президент қилиб 2010 йили сайланган, демак, энг камида 2009 йилдан бошлаб сайловларга тайёрланиш билан машғул бўлган.

Прокоммунистик руҳдаги Меҳнаткашлар Партиясидан номзод бўлиб, ўтган йили иккинчи марта президентликка сайланган Дилма Руссефф фрибгарлик, товламачилик каби усуллар ишлатишда айбланмоқда. Агарда улар тасдиқланса, у президентлик лавозимидан айрилади.

Табиий, Ислом Каримнинг 2009 йилдаги Бразилияга ташрифини сайловлардан ишлатиладиган фирибгарлик ва товламачилик усулларини ўрганиш билан боғлаш кинояли ҳазилдан бошқа нарса эмас. Аслида, Ислом Карим давлат савиясида фирибгарлик ва товламачилик усуллари ишлатиш бўйича ҳаммага дарс бероладиган одам. Агар ҳазилни давом эттирсак, Ислом Карим ўша пайтда президент маслаҳатчиси бўлган Дилма Руссеффга фирибгарлик ва товламачилик усуллари бўйича дарс бериб келганини гапириш мантиқлироқ бўларди.

Ислом Каримни нима жин урдию, у 2009 йили Бразилияга бориб қолди деган савол ҳалигача жавобсиз қолаверади, аммо Бразилиядек бир давлатда демократия принциплари ишлаётганига, жорийдаги президент устидан текширувлар ўтказилаётганига ҳайрон қолиш керак. Тўғрироғи, ҳайрон қолишдан ҳам кўпроқ, сабоқ олиш керак.

Аҳолиси 200 миллиондан кўпроқ бўлган Бразилия сўнги йилларда чуқур иқтисодий ислоҳотлар қилиши билан дунёга танилди. У ҳозир дунёнинг энг қувватли 20 мамлакатини бирлаштирувчи G20 нинг аъзоси. Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми билан Лотин Америкада биринчи ўринда, Ўзбекистондан 5-6 баравар олдинда.

Бразилиянинг Президенти Дилма Руссефф бор-йўғи сайловларда қилган қинғир ишлари бўйича айбланмоқда. Агарда у Ислом Карим каби Ўзбекистондек давлатни, Ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби улуғларнинг авлодлари бўлган ўзбекларни ғариб аҳволга олиб келса эди, уни аллақачон курсисидан отардилар. Олға кетиш учун, айбдорларни жазолашни ўрганиш керак. Минг афсуски, ўзбек миллати ҳали бундай нарсаларни тушуниш даражасига чиқолмаяпти.