16 October 2015
22:02 - Анқарадаги терактларда ўлганларнинг сони 102 га чиқди, аммо Туркия расмийлари бир дронни уриб туширганлари билан мастлар, оддий турклар нима дейди?

Ўтган шанба куни Анқарада икки ўлимчи-террорист тарафидан уюштирилган портлашлар натижасида ўлганларнинг сони 102 га чиққани Туркия ахборот воситалари томoнидан бугун хабар қилинди. Демак, ярадорларнинг ўлиши давом этмоқда.

Аммо, бугун Туркияда бошқа бир хабар ҳамманинг диққат марказида. Айтилишича, русларники деб иддао этилаётган учувчисиз учоқ, яъни дрон Туркия учоқлари тарафидан Туркия осмонида уриб туширилибди. Руслар, табиий, буни инкор этмоқдалар.

Расмда ҳам кўриниб утрганидек, бу дрон ўйинчоқ каби нарса, бундай дронларни ҳозир ҳавоскор болалар ҳам учиришмоқда. Шундай экан, Туркия расмийлари нимадан хурсанд эканликларини тушуниш қийин.

Аммо оддий турклар мамлакатда бўлаётган воқеалардан хурсанд эмас. Pew номли ширкат ўтказган сўровномаларга кўра, туркларнинг 56 фоизи мамлакатда кучли демократик тузим бўлишини истайди, 36 фоизи эса кучли лидер кераклигини айтади. Ҳозирги Президент Ражаб Эрдўғонни қўллаб-қувватлайдиганларнинг фоизи 51 дан 39 га тушгани ҳам диққатга сазовар нарса.

Хуллас, 1 ноябрда бўладиган парламент сайловлари арафасида Туркия жуда оғир вазиятда. Турк Дунёсидаги энг катта давлат бўлган Туркиянинг келажаги Турк Дунёсининг келажагини белгилашда катта роль ўйнашии ўз-ўзидан маълум. Демак, ҳозир Турк Дунёсида иккинчи ўринда турган Ўзбекистонда тожиклар ҳукмронлик қилаётганини ҳам ҳисобга олсак, Турк Дунёсининг келажаги мавҳум бўлиб қолаётганини тушунамиз.