16 October 2015
15:28 - Қозоғистонда ўтказилган МДҲ саммитининг диққат марказида ислом терроризми турдими?
Бугун Қозоғистоннинг Оқмола вилоятидаги номи ҳеч кимга таниш бўлмаган Бурабай шаҳарчаси ёки қишлоғида МДҲ Давлатлари Раҳбарларининг Кенгаши (саммити деса ҳам бўлаверади) Қозоғистон раислигидаги сўнги мажлисини ўтказди.

Авваламбор билмаганлар учун айтиш керакки, Қозоғистоннинг пойтахти Остона айнан шу Оқмола вилоятида жойлашган, аммо бу вилоятга бўйсунмайдиган алоҳида шаҳар ҳисобланади. Вилоятнинг маъмурий маркази эса Кўкшетау шаҳри бўлиб, Бурабай шаҳарчаси ёки қишлоғи айнан унинг яқинидаги курорт жойидир.

Саммитда Озарбайжон, Арманистон, Беларусия, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон президентлари, Молдова ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Туркманистон Бош вазирининг ўринбосари, Украинанинг Қозоғистондаги вақтинча элчиси иштирок этди, уларни расмда кўриш мумкин. Росмга тушмаган МДҲ Ижроия Комитетининг раиси ҳам саммит иштирокчи бўлган.

Бурабайда ўтказилган мажлис ҳатто Қозоғистон ахборот воситаларида ҳам тузуккина ёритилгани йўқ. Узуқ-юлуқ хабарлардан тушуниш мумкинки, йиғилиш қатнашчиларининг диққат марказида МДҲнинг хавфсизлик масаласи, аниқроқ қилиб айтсак, халқаро терроризмга қарши курашиш масaласи турган. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтиш мумкинки, гап ислом терроризми ҳақида кетмоқда.

Йиғилишда 16 та ҳужжат имзоланибди. Уларнинг ичида БМТнинг 70 йиллиги, Чернобил АЭСдаги фалокатнинг 30 йиллигига бағишланган баёнотлар бор. Аммо, асосий ҳужжат, табиий, халқаро терроризмга қарши кураш ҳақида. Бу ҳужжатнинг ҳам тафсилотлари маълум эмас, балки, шунчаки қоғоздир. Аммо, МДҲнинг Антитеррор Маркази раиси Андрей Новиков қайтадан бу лавозимга тайинлангани ўша 16 та ҳужжатнинг бири сифатида алоҳида урғуланган.

Қозоғистон МДҲ Давлатлари Раҳбарларининг Кенгашидаги раисликни Қирғизистонга топширди. Қирғизистоннинг раисилиги 2016 йилда бўлади. Бу йил декабрь ойида Ашхободда ўтказиладиган МДҲ давлатлари бош вазирларининг йиғилишида ҳам Қозоғистон раислик қилади.