16 October 2015
03:24 - Андижонда ҳамма пахтага! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №34, 16.10.2015)
2015 йил 13 октябр куни Андижон вилоят ҳокимининг амалдаги давлат ва халқаро хужжатларида қабул қилинган қонунларига хилоф бўлган буйруғи кучга кирди. Бу буйруқ қоғоздами ёки оғиздами ҳозирча бизга номаълум, лекин у амалда ўз фаолиятини икки кундан буён олиб бормоқда. Унга кўра, вилоятдаги барча ўқув муассасалари пахта йиғим теримига жалб қилинган. Чунончи, ўрта таълимда 5-синф ўқувчиларига 10 кун давомида ҳар бир ўқувчига 5 кгдан пахта териб келиш, 6-синфларга 6 кг, 7-синф 7 кг, 8-синфлар учун 8 кг ва 9-синфлар учун эса 9 кг пахта кунлик нормаси юклатилган.

Мактаб ўқитувчиларига эса ҳар куни калла бошига 20 кгдан пахта нормаси қўйилган. Колледжларда эса ҳар бир талабага 4 кгдан норма юклатилганлиги маълум бўлди. Мактаб ўқитувчиларининг мутасадди раҳбарларга норози бўлиб: - Кечагина биз ўзимиз ўқувчиларнинг ота-оналаридан «фарзандларимизни хужраларга ўқишларга юбормаймиз ҳамда пахта йиғим-теримига юбормаймиз, аксинча уларни тўлиқ дарс ўтишлари учун имконият яратиб берамиз», деган тилхат ёзиб беришга мажбур қилган эдик-ку! Энди биз уларга қайси юз билан: - Фарзандинг шунча пахта териб олиб келсин! – деймиз, дея берган саволларига раҳбарият: - Ўша пахтани айнан уларнинг ота-онаси териб берсин, деган жавобни берибди.

Демак, вилоят раҳбарияти ташаббуси билан яна республикада ғайриқонуний тадбирлар амалга оширилмоқда. Энг ачинарлиси, бу яна болалар меҳнатидан фойдаланиб нафақат ички, балки халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам риоя қилмаслик ҳоллари авж ола бошлади.

Хуллас, раҳбар лавозимларда амалдаги қонун-қоидаларни билмайдиган ёки билса ҳам уларни ҳурмат қилмайдиган шахслар ўтиргани жуда ачинарли ҳол ҳисобланади. Аслида, Андижон вилояти республика қўйган режани ортиғи билан бажарган бўлса, бу каби қонундан четга чиқишлик кимга керак бўлиб қолди экан-а?!